Ҳар қандай соҳада самарадорликка эришиш замонавий, мустақил фикрлайдиган, билимли ва ташаббускор кадрларга боғлиқ. Бундай мутахассислар эса олий ўқув юртларида шаклланади. Шундай экан, айни пайтда вазирлик ҳамда идоралар, корхоналар ўқув муассасалари билан қандай алоқа ўрнатмоқда? Билимли кадрлар етарлими?
Бинобарин, ҳеч бир соҳа ривожини уларсиз тасаввур этиш мушкул. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан мазкур тизим учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди, деб «Халқ сўзи» хабар қилади.
Қайд этилганидек, Президентнинг 2018 йил 17 апрелдаги қарорига мувофиқ, ташкил этилган вазирлик тизимига ҳозирги кунда 280 та бюджет, 72 та хўжалик ҳисобидаги ташкилот бириктирилган бўлиб, уларда қарийб 40 минг нафар мутахассис-ходим фаолият юритмоқда. Уларнинг 7400 нафари олий маълумотли мутахассислар бўлса, 18256 нафари ўрта махсус ва 14267 нафари ўрта маълумотга эга.
Мамлакатда сув хўжалиги тизимига мутахассис-кадрлар, асосан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти томонидан етказиб берилади. Шу боис вазирлик билан ушбу институт ўртасида тузилган шартномага кўра, институт талабалари ўқув-танишув ва ишлаб чиқариш амалиётларини тизимдаги ташкилот ва корхоналарда олиб боради. Қолаверса, тизимни малакали кадрлар билан тўлдиришда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва унинг Бухоро филиалини охирги уч йилда тамомлаган битирувчиларнинг маълумотлар базаси шакллантирилгани қўл келмоқда. Яъни айни шу ҳамкорлик натижасида 300 га яқин ёш мутахассислар соҳага жалб этилди.
Институтни жорий йилда давлат гранти асосида битираётган 200 нафардан ортиқ талабалар Сув хўжалиги вазирлигининг йўлланмаси орқали тизим ташкилотларига ишга юборилади. Аҳоли яшаш ҳудудларидан узоқда жойлашган объектларга ишга борганлар жой ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланади.
Шу тарзда келгусида ҳар йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва унинг Бухоро филиалини ирригация ва мелиорация йўналишлари бўйича давлат гранти асосида битирганлар вазирлик йўлланмаси билан ишга жойлаштирилади.
Изоҳ (0)