Жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчи ва талабаларининг мўътабар асарларни ўқиб тугатганлиги муносабати билан «Хатмул кутуб» тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, уламолар, устоз-мураббийлар ва талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.Анъанага кўра, Қуръон тиловати ва муфтийнинг дуои хайрлари билан бошланган тадбирда институт ректори У.Ғафуров 2018—2019-ўқув йили мобайнида талабалар устозлар кўмагида асосий дарс ва қўшимча машғулотларда ўқиб тамомлаган китоблари ҳақида маълумот берди.
Тадбирда У.Ғафуров институтнинг 20 нафардан ортиқ ўқитувчилар томонидан институтнинг 300 нафар талабаларига ўқув йили бошидан Имом Термизийнинг «Сунани Термизий» асари матни ва унинг шарҳи ҳамда Имом Таҳовийнинг «Шарҳи Маонил осор» асари матни ва унинг шарҳи асосий ва факултатив дарс сифатида ўқитила бошлангани, устозларнинг ҳиммати ва талабаларнинг ғайрати билан ушбу мўътабар асарлар тўлиқ ўқиб тугатилганини эслатиб ўтди.Шунингдек, «Ақоид ва фиқҳий фанлар» кафедраси ўқитувчилари бошчилигида «Ҳидоя», «Шарҳул виқоя», «Канзуд дақоиқ», «Ал-ашбоҳ ван назоир», «Нурул анвор», «Усулуш Шоший», «Шарҳу Ақоидун Насафия», «Зовъул маолий», «Интибоҳотул муфида» каби кўплаб китоблар ўқиб тугатилди.
Муфтий Усмонхон Алимов марҳум ва мағфур Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошлаб берган эзгу анъанани давом эттириш, талаба-ёшларнинг мўътабар асарларни хатм қилиш одати жуда ҳам фойдали экани, келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насоий каби олимлар чиқишига замин бўлишини билдирди.
Келажакада шу каби «Хатми кутуб» тадбирларини Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Насафий каби алломаларнинг зиёратгоҳларида ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда.Мамнуният билан қайд этиш мумкинки, «Таҳфизул-Қуръон» кафедраси ўқитувчилари раҳбарлигида Тошкент ислом институтига ўқишга киргандан кейин 67 нафар талаба Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Жорий ўқув йили давомида бир қанча қори ва қория талабалар Қуръони каримни бир ўтиришда ёддан ўқиб берганди, институт қорилари республика Қуръон мусобақасида фахрли ўринларни эгаллади ҳамда Қувайт, Малайзия, Туркия, Россия, Эрон, Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаларида муваффақиятли иштирок этди. «Таҳфизул-Қуръон» кафедраси мудири Ж.Неъматов Саудия Арабистонида ўтказилган Халқаро қорилар мусобақасида ҳакам сифатида иштирок этди. 2019 йил Рамазон ойида институтнинг 90 дан ортиқ устоз ва талабалари Тошкент шаҳри ва вилояти масжидларида таровеҳ намозларида «Хатмул Қуръон» қилиб берди.
Мана шундай амалий натижалардан яна бири, тадбири асносида битирувчи курс талабалари Ҳабибуллаев Сирожиддин ва Нажмиддинова Робияга «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов Қуръони карим бўйича ижоза шаҳодатномасини топширди.
Тадбир якунида муфтий ҳазратлари барча иштирокчиларни «Хатмул кутуб» муносабати билан муборакбод этиб, мўътабар китобларни хатм қилиб ўқишнинг фазилати ва «Хатмул кутуб» анъанасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасаларида давом эттирилиши зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов «Хатмул кутуб»да фидойилик кўрсатган устозларни фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирлади.
Изоҳ (0)