Қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтиришга зарурат йўқ. Бу ҳақда 12 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди, дея Spot хабар беради.
Унинг сўзларига кўра, янги Солиқ кодекси хорижий ва маҳаллий инвесторларни рағбатлантириши керак. «Ҳар қандай тадбиркор пул сарфлаган бўлса, у фойда олиш керак. Агар у фойда кўрмаса ҳеч қачон сармоя киритмайди», — дейди Мубин Мирзаев.
У, шунингдек, ДСҚ Жаҳон Банки мутахассислари билан Ўзбекистондаги ҚҚСнинг мақбул ставкасини муҳокама қилаётганини маълум қилди. Мутахассисларнинг фикрича, инвесторлар учун қўшимча қиймат солиғи даражаси муҳим эмас.
«Асосийси, тадбиркорлар ўз вақтида ҚҚСни қайтариш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Қайтариш ўз вақтида амалга оширилмаса ёки миқдор бир хил бўлмаса, унда (инвестор) ҳеч қачон маблағ сармоя қилмайди. Биз бу масалани янги кодексда кўриб чиқиб, ускуналар импортида ҚҚСни дарҳол қайтариш имкониятини муҳокама қилмоқдамиз. Пулни қайтариш биз учун қийин бўлади, аммо мазкур жараён иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур бўлса, биз бунга тайёр бўлишимиз керак», — деди у.
Мирзаев Жаҳон банки экспертлари Ўзбекистон учун ҚҚСнинг нормал даражаси 20% ни ташкил этишини қайд этганликларини эслатиб ўтди. Бундан ташқари, улар биринчи навбатда солиқ тизимида тартиб ўрнатишни маслаҳат беришмоқда: имтиёзларни бекор қилиш, барча солиқ тўловчилар учун ҚҚСни жорий этиш ва бюджетга барқарор тушумларни таъминлаш.
«Агар биз ҚҚС учун яхши асос ва кенг қамров яратадиган бўлсак, унда биз (солиқ ставкасини) пасайтиришни муҳокама қиламиз. Ҳали эрта», — деди Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари.
У, шунингдек, ҳозирги пайтда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 11,5% ни ташкил этганини, аммо 20% ҚҚС ставкасида ижтимоий имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда камида 18% бўлиши кераклигини таъкидлади.
Изоҳ (0)