Самарқанд шаҳрида Халқаро пресс клуб томонидан «Ўзбекистонда олий таълим тизими: ислоҳотларнинг янги босқичи, муаммоларнинг чуқур таҳлили ва тезкор ечимлар» мавзусида сайёр сессия ўтказилди. Бу ҳақда Zarnews хабар бермоқда.
Унда тарихий обидалар ёнида сохта гидларнинг кўпаяётгани, улар томонидан туризм салоҳиятига мос келмайдиган кийимларда сайёҳларга нотўғри маълумот берилаётгани ҳақида «Ипак йўли» туризм халқаро университети проректори Баҳодир Тўраев қуйидаги фикрларни билдирди.
— СамДУ қошида туризм ва реал сектор иқтисодиётида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Самарқанд вилояти маркази очилганди. Мана шу марказда Туризмни ривожлантириш қўмитаси томондан франшиза олинган. Гид-таржимонлик фаолияти бўйича беш ойлик курслар очилган. Сохта гидлар муаммоси вокзалдан тушаётган туристлар олдидан бошланади. «Афросиёб» поездидан тушаётган туристга на лицензия, на етарли маълумотга эга такси ҳайдовчиси ҳам, меҳмонхона ходими ҳам ўз хизматини таклиф этади.
Вилоят Жамоатчилик кенгашида туризм масалалари бўйича ўтган йиғилишда айнан шу масалаларни кўриб, қарор ҳам чиқаргандик. Самарқандда шу мақсадда хавфсиз туризм полицияси ташкил этилган. Университетимизда ҳам бу йилдан гид-таржимонлик бўйича ўқув ишларини бошладик. Америка ҳамда Европа стандартларига кўра, 3 йилда талабаларни тайёрлайди. Ҳозирдан бунга амалий чора кўрилмаса, бу бора-бора Ўзбекистон имижига салбий таъсир этади.
Изоҳ (0)