«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Поль Погба динга бўлган муносабати ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда Манчестер Эвенинг News хабар берди.
26 ёшли франсиялик Ислом динига эътиқод қилади. У май ойида мусулмонлар учун муқаддас бўлмиш Рамазон ойида Макка ва Мадинага бориб Умра зиёратини амалга оширганди.
«Ислом мен учун ҳамма нарса. У менга барча неъматлар учун шукр қилиш имкониятини берди. Ислом мени ҳаётда ҳамма нарсага тушунишга ўргатди. Ислом сабаб ички хотиржамликка эришдим, деб ўйлайман.Бу менинг ҳаётимдаги энг яхши ўзгариш бўлди. Чунки онам мусулмон бўлишига қарамасдан мен мусулмон бўлиб туғилмагандим.
Ислом бу ҳамма кўриб, билиб турган терроризм эмас. Биз оммавий ахборот воситалари орқали эшитаётган нарсалар аслида бошқа нарса. Бу қандайдир бошқача туйғу. Ўзингиз кўришингиз мумкин. Ҳар бир инсон исломга алоқаси борлигини ҳис қилиб туради. Дўстларимнинг кўпчилиги мусулмон бўлгани учун шу фикрга келганман. Биз ҳар доим ислом дини ҳақида суҳбат қурамиз.
Ўзимга кўплаб саволлар бердим, кейинчалик эса кўп изланишлар қилдим. Бир куни дўстларим билан биргаликда ибодат қилдим ва ўзимни бошқача ҳис қилдим. Ўша кундан бошлаб ибодат қилишни давом эттирдим. Кунига 5 маҳал намоз ўқиш керак, тавба қилиш ва барчаси учун шукр қилиш лозим.
Бу дин менинг дунёқарашимни ўзгартиришга ва яхши инсон бўлишимга туртки бўлди. Кейинги ҳаётим ҳақида кўпроқ ўйлай бошладим. Ислом — инсониятни, қолаверса, қолган барча нарсаларни ҳурмат қилишга ундовчи дин», — дейди Погба.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)