«Яндекс» 23 май куни Москвада «Келажак тафсилотлари» деб ном олган навбатдаги YaC 2019 конференциясини ўтказди. Конференциясида компания ақлли уйлар, ақлли розетка, лампочка, ТВ-модуль ҳамда одамлар турмуш тарзини янада енгиллаштиришга қаратилган бир нечта инновацион ечимга эга технологияларини тақдим қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
YaC 2019 очилишида «Яндекс» асосчиларидан бири ва раҳбари Аркадий Волож ҳайдовчисиз автомобилни намойиш этиб, тез орада бундай автомобиллар Россиянинг Москва, Санкт-Петербург ва Қозон каби йирик шаҳарлари йўлларига чиқарилишини маълум қилди.
Ҳайдовчисиз автомобиллар ҳақида
Конференция очилишида саҳнага ҳайдовчисиз автомобилда кириб келган компания раҳбари, айнан шундай машиналар Россиянинг йирик шаҳарларининг кўчаларига чиқиши учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиши кутилаётгани маълум қилди. Компания ҳозирда кўчаларга 100 та ҳайдовчисиз машинани олиб чиқишга тайёр.
Биринчи босқичда ҳайдовчисиз автомобиллар ҳайдовчилар билан ҳаракатланади — ҳайдовчилар хавфли ҳолатларда бошқарувни ўз қўлига олиши кўзда тутилган. Автомобиллар турли шароитларда ҳаракатланиб, маълумотлар базасини шакллантиради. Россиянинг йирик шаҳарларидан ташқари «Яндекс»нинг ҳайдовчисиз автомобиллари ҳаракатини Исроил ва АҚШнинг Невада штатида ҳам синовдан ўтказиш режалаштирилган.
«Яндекс.Авто» ҳақида
Шунингдек, компания ўзининг янгиланган «Яндекс.Авто» дастурини тақдим этди. Энди сиз автомобилингизни «Алиса» овозли буйруқлар тизими ёрдамида бошқара оласиз. Масалан, Алисага буйруқ бериб, машина ойналарини ёпиш, смартфон ёрдамида эшикларни очиш, масофадан туриб машинани ўт олдириш ва мультимедиа тизимини бошқариш мумкин бўлади. Тизим пуллик трассаларда тўловларни ўзи амалга оширади.Бундан ташқари, тизим машина эвакуация хизмати томонидан олиб кетилганида турган жойидан ўз эгасига SMS-хабар жўнатиб, қаердалиги ҳақида маълумот беради.
https://youtu.be/veNMk6t1nrc
Агар автомобиль ғилдиракларига махсус мосламалар ўрнатилса, интернет алоқаси ёмон бўлган ҳудудларда ҳаракатланиш жойи айнан шу датчиклар берган маълумотлар асосида аниқланади ва навигаторга керакли маълумотлар узатиб туради.
Янгиланган дастур 2019 йилнинг кузида чиқарилиши кутилмоқда.
«Яндекс» овқатлар ва ресторанларнинг булутли технологияси ҳақида
«Яндекс»нинг таомларни етказишга ихтисослашган тизимлари сони ошиб, улар ўртасидаги фарқ борган сари камайиб бормоқда. «Яндекс»нинг булутли технологияларга асосланган янги хизматида овқат ва таом тайёрлаш тизимлари бирлаштирилади ва у кўплаб россияликлар яхши кўрган таомлар менюсидан иборат бўлади.Ҳамкор ресторан ошпазлари томонидан тайёрланган таомлар «Яндекс»нинг етказиб бериш хизматлари томонидан буюртмачиларга олиб борилади. Бу эса кўпинча ишсиз турган ресторанларнинг даромадини ошириш, буюртмачиларга эса сифатли ва яхши овқатларни истеъмол қилиш имконини беради.
«Яндекс.Эфир» ҳамда «Яндекс.Модуль» тизими ҳақида
«Яндекс» фойдаланувчиларни кўпроқ видео кўришга жалб қилиш ниятида. Компания ўзи ишлаб чиққан алгоритмлар ёрдамида фойдаланувчиларга катта эҳтимол билан ёқиши мумкин бўлган видеоларни кўрсатмоқчи. Маълум қилинишича, Эфир сервиси фойдаланувчи кўриши мумкин бўлган кўрсатув ва видеолар кетма-кетлигини уч-тўрт кун олдиндан тузиб қўя олади.Эфир тизими фойдаланувчининг интернетдаги фаоллиги, маълум сайтларда кўрган видеолари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги лайк ва дизлайкларни ҳисоблаб, кўриш учун видеоларни тавсия қилади.
https://youtu.be/OFWsnUBESx8
«Яндекс»дагилар видеоларни телевизорда кўриш қулайроқлигини айтиб, бирданига «Яндекс.Модуль» мосламасини ҳам тақдим қилди. Мазкур мослама телевизорга уланиб, «Алиса» овозли буйруқлар тизими орқали бошқарилади.
«Яндекс»дан ақлли уй
«Яндекс»нинг ақлли уйлари фойдаланувчиларга «Алиса» овозли буйруқлар тизими орқали уйдаги пультга уланган ҳар қандай жиҳозни бошқаришингиз имконини беради. Мазкур пульт ёрдамида уйдан узоқроқ масофада кондиционер ёқиш ёки телевизорни ўчириш мумкин бўлади.Пульт ақлли уй экотизимининг ажралмас қисми бўлиб, «Яндекс» ушбу мослама билан ишлай оладиган уй жиҳозларини ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар билан тегишли шартномалар имзолаган ва ушбу компаниялар яқин вақт ичида «Яндекс» томонидан яратилган тизимда ақлли уйлар концепциясига асосланган жиҳозлар ишлаб чиқаради.
https://youtu.be/fs8qUaE9Fy4
Изоҳ (0)