«Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида «Жанговар ҳамдўстлик—2019» шиори остида кечаётган Ўзбекистон–Беларусь махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги махсус тактик-ўқув машғулотларига тайёргарлик давом этмоқда, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
21—22 май кунлари ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчилари шартли душман гаровга олган бир неча шахсларни қутқариш ҳамда ноқонуний қуролланган тўдаларнинг қуролли ҳаракатларига фавқулодда барҳам бериш мақсадида уларнинг қароргоҳига қўққисдан ҳужум қилиш операциясини амалга ошириш бўйича махсус тактик-ўқувларига тайёргарлик машқларини бажарди.
«Maxсус тактик-ўқув машғулотига тайёргарлик давомида шартли душман ўрнашган ҳудудга ёриб кириш ҳамда уларни буткул тор-мор қилиш учун икки мамлакат махсус кучлари бўлинмалари ҳарбий хизматчиларига қисқа муддат вақт ажратилади. Бунда улар, энг аввало, ҳужум режаси ва ўз позицияларини аъло даражада адо этиши лозим. Айни дамда кечаётган тайёргарлик машғулотлари ҳар икки мамлакат ҳарбийларининг дастлабки кўникмаларини шакллантирмоқда», — дейди майор Расулхон Аҳмедов.
Жанговар ҳамдўстлик ҳарбий хизматчилари шартли душман мудофаа чизиқларини зирҳли техникалар орқали ёриб кириш, гуруҳларга бўлинган ҳолда тезкор тактик ҳаракатлар билан қуролли тўдаларнинг пистирмаларини бомбардимон этиш, тепаликлардан арқон ёрдамида ҳужум гуруҳига қанотлардан ёрдамга ўтиш машғулотларида белгиланган вазифаларни ўзлаштирди.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида ўзбек—беларус ҳарбийлари экстремал шароитларда яшовчанлик машғулотлари бўйича ўзларининг амалий кўникмаларини намойиш этди. Меҳмон ҳарбийлар Ватан ҳимоячилари томонидан ясалган тузоқлар, бир ва бир неча кунлик бошпаналарни ўзлаштириш баробарида, ўз тажрибалари билан ҳам ўртоқлашди.
Ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари юқори кайфият ва дўстона муносабатда давом этмоқда. Эртага, 23 май куни машғулотларнинг асосий қисми бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)