Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Шу кунларда Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси (ЖССА)нинг 72-сессияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Унда дунёдаги 190 дан ортиқ мамлакат вакиллари, жумладан, 150 га яқин соғлиқни сақлаш вазирлари, шунингдек, етакчи халқаро ташкилотлар, йирик корпорациялар, нуфузли халқаро жамғармалар ва академиялар вакилларидан иборат уч мингга яқин делегатлар иштирок этмоқда. Жумладан, унда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.

Эътиборли жиҳати, аввал хабар қилинганидек, ушбу сессия доирасида мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ЖССАнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди.

Қайд этиш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг олий органи бўлиб, унда барча аъзо давлатларнинг делегациялари иштирок этади. Унинг асосий вазифалари ЖССТ фаолиятининг муҳим йўналишларини аниқлаш, ташкилотнинг бош директорини танлаш, бюджетни тасдиқлаш ва назорат қилишдан иборат.

Сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, фуқароларни сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, сўнгги уч йил давомида тиббиёт соҳасида 150 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Бу ҳам бўлса соҳа ривожи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан эътиборида эканидан далолатдир. Жумладан, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири, шунингдек, трансплантология, кардиожарроҳлик, иммунопрофилактика, хусусий тиббиёт секторини ривожлантириш, психиатрия, фтизиатрия ва эндокринологик ёрдамни такомиллаштириш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни қўллаб-қувватлаш борасида эришилган натижалар ҳақида ҳам маълумот берди.

Ўзбекистон тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси йиғилиш иштирокчиларида, айниқса, катта қизиқиш уйғотди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебреесус ЖССА сессияси очилиш маросимидаги чиқишида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида эришган ютуқларни эътироф этиб, дунёнинг оз сонли мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ўз ҳудудида безгакни тўлиқ йўқ қилишга эришганини алоҳида таъкидлаган эди.

Сессия 28 майгача давом этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар