Тошкентда Бош прокуратура Академияси томонидан ўтказилган конференцияда Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Канязов ҳуқуқий соҳани мустаҳкамлаш малакали кадрлар тайёрлашга боғлиқлигини таъкидлаб ўтди.

Фото: «Дарё»

«Тошкент давлат юридик университети ва Бош прокуратура Академияси ўртасида келишув меморандуми имзоланган. Меморандумга асосан илмий тадқиқотлар ўтказамиз. Яъни прокуратурада бўлажак юристлар учун жуда кўп материаллар бор. Материалларни биргаликда тадқиқ қилиб, қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаб борамиз», — деди Есемурат Канязов «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида.

Унинг қўшимча қилишича, прокуратура органлари Ўзбекистонда қонунчиликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди. Бунда қонунларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғри шакллантириш учун албатта малакали юрист кадрлар керак. Бу эҳтиёжни қондириш мақсадида Олий суд мактаби ҳам ташкил этилган.

«Бу ташкилотлар алоҳида-алоҳида фаолият юритиши ижобий самара бермайди, албатта. Барчамизнинг вазифамиз бир — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда яхши юристларни тайёрлаш. Ахир қонунчилигимиз, ҳуқуқий асосимиз бир-ку. Шунинг учун, матахасисиларни тайёрлашда биргаликда ишланса, ҳар бир томон мақсадига эришади», — деди у.

Маълумот учун, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутахассисларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича 16—17 май кунлари Бош прокуратура Академияси томонидан «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида илмий ва таълим салоҳиятини ошириш: мавжуд тенденциялар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди. Унда илм-фан ва таълим соҳасидаги 50 нафардан зиёд хорижий экспертлар, шунингдек, 21 та давлат ва 11 та халқаро ташкилотларнинг амалиётчилари иштирок этди.