«Коммерсантъ» нашри эгаси Алишер Усмонов Россия Федерация Кенгаши Спикери Валентина Матвиенко ҳақидаги мақола туфайли журналистларининг ишдан бўшатилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди. Бу ҳақда «Новая Газета» хабар берди.
«Акциядор таҳририят сиёсатига аралашмайди ва бундан ташқари, журналистларни ишдан бўшатиш ёки ишга ёллаш ҳақида қарор қабул қилмайди», — дейди бизнесменнинг вакили. Унинг сўзларига кўра, Усмонов «Коммерсантъ» ходимларини ишдан бўшатилгани ҳақида оммавий ахборот воситаларидан хабар топган.
Аввалроқ «Коммерсантъ» махсус мухбири Иван Сафронов ва сиёсат бўлими муҳаррир ўринбосари Максим Иванов Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг истеъфоси ҳақидаги мақола сабаб нашрни тарк этгани ҳақида хабар берган эдик. Журналистларнинг сўзларига кўра, ноширлик уйи акциядори Алишер Усмонов шундай қарор қабул қилган эди. Улар нашрни томонлар келишувига асосан тарк этгани хабар қилинган эди.
Би-би-си собиқ ходими маълум қилишича, Матвиенко Усмоновга мақола бўйича шикоят қилган. Унинг матбуот котиби Владислав Пономаренко вазиятни изоҳлашдан бош тортди.
«Материални тайёрлаш чоғида таҳририят стандартлари бузилгани сабабли журналистлар билан хайрлашдик», — дея таъкидлаган «Коммерсантъ» бош директори Владимир Желонкин.
У айнан қандай қоидалар бузилганини ошкор этмади ва акциядорларнинг таҳририят ишига аралашувини изоҳлашдан бош тортди.
Матвиенконинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги материал 17 апрелда чоп этилган, унда спикер президент Путин билан май ойида лавозимдан кетишини муҳокама қилиши билдирилганди.
Изоҳ (0)