Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги делегация Россиядаги IX Санкт-Петербург халқаро юридик форумида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазири «Инвестициялар, Кўчмас мулк. Тармоқ қонунчилиги. ДХШ»панел сессиясида иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инвестициявий қонунчилиги бўйича тақдимот ўтказди. Русланбек Давлетов ўз тақдимотида Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳаётнинг барча соҳаларида мислсиз ўзгаришлар амалга оширилаётгани, бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратилаётганини қайд этди. Президент раҳнамолигида юритилаётган сиёсат учта тамойилга асосланиб: очиқлик, аҳоли ва бизнес-ҳамжамият билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари фаолиятининг аҳоли ва бизнеснинг муҳим муаммоларини ҳал этишга эътибор қаратилаётганини билдирди.

Фото: Адлия вазирлиги

Маъмурий ислоҳотлар — Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими трансформациянинг муҳим таркибий қисми эканлигини эътироф этди. Шунингдек, ҳозирги кунда 93 та давлат органлари фаолияти қайта кўриб чиқилиб, жумладан 77 та вазирлик ва идоралар қайта ташкил этилгани, 7 тасининг фаолияти тугатилиб, 9 та янги ташкилотга асос солингани айтилди. Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасининг тузилмалари, вазифалари қайта кўриб чиқилди. Жумладан, 2019 йилнинг январь ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди. Унинг асосий вазифаси —иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларига инвестициялар оқимини рағбатлантириш, турли мамлакатлар билан олиб бориладиган ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдир.

Фото: Адлия вазирлиги

Тақдимотда келтирилишича, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинмоқда. Масалан, 2017 йил 1 июндан буён оммавий-ҳуқуқий муносабатлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлардан келиб чиқадиган ишларни кўриб чиқадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 85 та иқтисодий судлар ташкил этилди.

Фото: Адлия вазирлиги

Ўзбекистоннинг инвестициявий қонунчилиги ҳам тобора такомиллашиб бормоқда. У «Хорижий инвестициялар тўғрисида»ги, «Инвестициявий фаолияти тўғрисида»ги, «Хорижий сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари ва чоралари тўғрисида»ги, «Эркин иқтисодиёт зоналари тўғрисида»ги Қонунларни, шунингдек, қатор қонуности меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олади. Мазкур ҳужжатлар билан ҳуқуқий кафолатлар ўрнатилди, 380 дан зиёд имтиёз ва преференциялар тақдим этилди.

Фото: Адлия вазирлиги

Хусусий мулк эгасини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий инструментлар кучайтирилди. Хусусан, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини мусодара қилиш тартиби такомиллаштирилди.

Фото: Адлия вазирлиги

Давлат иқтисодиётдаги ўз иштирокини мунтазам қисқартириб бормоқда ва бизнес, инвестициялар учун очиқдир. Хорижий сармоядорлар фойдали шарт ва нархларда давлат активларини харид қилиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Масалан, 288 та кўчмас мулк объектлари электрон савдоларига сотиш учун қўйилди. 211 та бўш ётган давлат кўчмас мулк объектлари бошланғич баҳоси 1 сўм билан аукционга қўйилди.

Фото: Адлия вазирлиги

Фото: Адлия вазирлиги

Сўнгги йилларда юз берган энг асосий ўзгаришлардан бири –иқтисодий эркинликнинг оширилишидир. Ўзбекистоннинг молиявий барқарорлиги таъминланди, давлатнинг иқтисодиётга бўлган фискал юки камайтирилди. Ўзбекистонга илк маротаба Fitch, S&P ва Moody’s сингари қатор нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг «барқарор» прогнозлари берилди. 2019 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон 1 миллиард долларга 5 йиллик ва 10 йиллик евробондларни муваффақиятли жойлаштирди. Институционал сармоядорлардан қарийб 150 га яқин мурожаатлар келиб тушди ва бу жойлаштириш яхши диверсификацияланди.

Шунингдек, Адлия вазири тадбир иштирокчиларини жозибадорлиги нуқтаи назаридан Ўзбекистон ҳақида бешта энг муҳим омиллар билан ҳам таништирди. Булар меҳнат ресурслари, юксак минерал-хом ашё салоҳияти, энергетик мустақиллик, макроиқтисодий кўрсатгичлар, сармоядорлар учун қулай муҳит. Хусусан, Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш 2018» маърузасида Ўзбекистон тадбиркорлик учун энг кўп қулай шароитлар яратиш бўйича дунёдаги ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигига киргани қайд этилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида сўнгги 5 йил ичида «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистон 190 мамлакат орасидан 146-ўриндан 76- ўринга чиқиб олди ва бугунги кунда 2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга кўтарилишга эришиш вазифаси юкланди.

Тақдимот якунида қатор экспертлар Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш соҳасидаги ўзгаришларга юксак баҳо берди. Ўзбекистонни қонунчиликни янгича тартибга солиш ва такомиллаштириш бўйича минтақада етакчи мамлакат деб аташди.