Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг сайёр суд мажлисида қўшнисини 24 000 000 сўмга «туширган» шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Дарё»га жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Шерзод Мамиров хабар берди.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Иш ҳолатларига кўра, судланувчи С. Очилова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) илгари бир неча маротаба фирибгарлик жинояти учун судланган бўлишига қарамасдан 2018 йилнинг март ойида алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида у билан қўшни бўлиб яшаган фуқаро Т. Қосимова билан учрашиб, унга ўзининг танишлари орқали арзон нархда янги телевизор, музлатгич ва кир ювиш машиналарини олиб беришни ваъда қилган ва Т. Қосимованинг 15 000 000 сўм миқдорида пул олган.

Бундан ташқари, судланувчи 2018 йилнинг апрель ойида жиноий ҳаракатларини давом эттириб, фуқаро Т. Қосимованинг ишончига кириб, гўёки онаси касал бўлиб қолганлигини рўкач қилиб, ундан дори дармон учун 9 000 000 сўм пул олиб, ушбу пулларни кейинчалик банк орқали АҚШ доллари қилиб қайтариб беришни ваъда қилган. Шундай қилиб, С. Очилова Т. Қосимованинг жами 24 000 000 сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжларига ишлатган.

Суд мажлисида судланувчи С. Очилова, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, зарарни тўлиқ қоплаб берганлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, унга қонун доирасида ёрдам беришини сўраб кўрсатма берган.

Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси 5-қисмида, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.

Суд, судланувчи С. Очиловага жазо тури ва миқдорини белгилашда, унинг содир қилган жиноятини ижтимоий хавфлилигини муҳокама қилиб, унинг айбига иқрорлигини ва чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилганлиги, доимий иш жойига эга эканлигини, оилавий шароитини, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топди ва унга ЖКнинг 60-моддаси тартибида, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ҳукмига асосан ўталмай қолган 7 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил – кесил 2 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.