«Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз. Рамазон ойи билан бошланган ҳафта юртимизга бир қатор ижобий ўзгаришлар ҳам келтирди: нефть кони очилди, тўсиқдаги сайтлар очилди, янги масжид ҳам очилди.
6 мартда Рамазон ойи кириб келди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини муборак Рамазон ойи билан табриклади. Жойларда таровеҳ намозлари ўқилиши бошланди. Шунинг муносабати билан пойтахтнинг айрим кўчалари кечки пайт ёпилиши маълум қилинди.
Рамазон бошида Қўқондаги 8-мактаб директори рўза тутган ўқувчиларини атайлаб югуртиргани кўплаб мусулмонларнинг қаҳри ва эътирозига сабабчи бўлди. Кўтарилган шов-шув ортидан Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими рўзадор ўқувчилар иссиқда югуртирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Прокуратура бу иш юзасидан текширув ўтказди, оқибатда мактаб директори рўзадор ўқувчиларни югуртирмаганини айтди.
* * *
Ўзбекистондаги энг чуқур конлардан бўлмиш Мингбулоқ конидан нефть қазиб олинди. Наманган вилоятидаги конда Хитойнинг CNPC компанияси билан қўшма лойиҳа олиб борилмоқда. Конга Наманган ҳокими Хайрулла Бозоров, энергетика вазири Алишер Султонов ва бошқа кўплаб мансабдорлар етиб борди. Нефть чиққанлиги шодиёнаси боис улар бир-бирларининг юзига «қора олтин» суркаб хурсандчилик қилди.
* * *
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Фарғона вилоятида бўлди. Вилоятдаги йиғилишда президент инвестиция киритиш ва модернизациялаш масалаларига кенг тўхталди. Шунингдек, Фарғона шаҳридаги Темурбеклар мактабини бориб кўрди ва битирувчиларга ўзи хоҳлаган ОТМда грант асосида ўқиш имкониятини тақдим қилди. Бундан ташқари, Фарғонадаги энг улкан заводларнинг бири ФНҚИЗга ташриф буюрди.
Шавкат Мирзиёев Фарғонадалигида Қўқонда электромобил ишлаб чиқариш заводи барпо этилиши эҳтимоли ҳақида хабар берилди. Завод 2023 йилда машина ишлаб чиқариши мумкин. Унда минг киши ишлайди ва йилига 10 минг электромобил тайёрлайди. Бу завод кореялик машинасозлар билан бирга қурилади.
* * *
9 май куни Ўзбекистоннинг кўплаб жойларида Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланди. Humo Arena муз саройида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан концерт ўтказилди. Қашқадарёнинг Деҳқонободида хотира майдони очилди. Минглаб фуқаролар Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Шавкат Мирзиёев Тошкент Ботаника боғида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбирида иштирок этди ҳамда пойтахтда Ғалаба боғи қурилишини маълум қилди. Бошқа вилоятлар ҳам тадбирлар ўтказди, Бухоро ҳокими «Катюша» ҳарбийча қўшиғини куйлади.
Хотира ва қадрлаш кунида, гарчи Тошкент шаҳар ҳокимияти рухсат бермаган бўлса-да, «Ўлмас полк» акцияси ўтказилди.
* * *
10 майдан бошлаб кўчаларда автомобиль чироғини ёқиб юриш ва бошқа янги қоидалар кучга кирди. Бундан ташқари, энди айланма ҳаракат чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт айланага кириб келаётган транспортларга нисбатан устунликка эга бўлади. Шунингдек, 28 та янги йўл белгилари амалиётга киритилди. Мутахассисларнинг фикрича, кундузи чироқ ёқиб юриш йўл ҳаракати иштирокчиларини сергаклантиради ва автоҳалокатларни камайтиради. Бироқ Ўзбекистон азалдан серқуёш бўлгани боис бу чоранинг фойда беришидан шубҳаланаётганлар ҳам йўқ эмас.
Дарвоқе, йўл ҳаракатига доир яна бир янгилик: жамоавий мурожаатлар порталида исмли авторақамлар жорий этилиши таклиф қилинди. Ноодатий авторақамлар сотилишидан давлатга мўмай маблағ тушади, шунингдек, уни бегоналар эслаб қолиши ҳам осонроқдир, деб асосланган таклиф.
* * *
Чилонзор туманида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид очилди. У икки гектардан зиёд майдони эгаллайди; мажмуа таркибида конференс-зал, ўқув хоналари, таҳоратхона, музей ва бошқалар бор. Унга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли Исмоил Муҳаммад Юсуф имом этиб тайинланди.
* * *
Ўтган ҳафтада мамлакатимизда ахборот эркинлиги бўйича салмоқли қадам қўйилди. 10 майдан бошлаб Voice of America, «Америка овози», BBC Uzbek, Deutsche Welle, Amnesty International, Human Rights Watch, Reporters sans frontiers, «Eurasianet.org», AsiaTerra, Fergana Agency, Centre1, «Узметроном» каби веб-сайтлар очиб қўйилди. Бу сайтлар ҳеч бир изоҳсиз кўп йиллардан бери Ўзбекистон ҳудудида тўсиб қўйилган эди.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)