«Вақф» фонди раҳбари Искандар Халилов Самарқанд вилоятида фонд маблағлари ҳисобига қурилаётган масжидлардаги жараёнлар билан танишиш мақсадида Ургут, Тайлоқ ва Нуробод туманларида бўлди. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки манзил Тайлоқ туманидаги «Ястепа» жомеъ масжиди бўлди. Ушбу масжиднинг эски биноси авария ҳолатида бўлганлиги сабаб ибодат қилиш қийин аҳволга келиб қолган эди. Масжид имом-хатиби ҳамда қишлоқ фуқароларининг мурожаатига кўра «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан янги бино бунёд этилиб, айни пайтда безаш ишлари амалга оширилмоқда.
Кейинги манзиллар Ургут туманидаги «Мулла Ишоқ» ва «Узун» жомеъ масжидлари бўлиб, бу икки масжид ҳам анчайин эски ва кичиклиги сабаб қишлоқ аҳли томонидан «Вақф» фондига ёрдам сўраб мурожаат қилинган. Аризалари инобатга олиниб фонд томонидан қисқа вақт ичида замонавий, барча қулайликларга эга янги масжид қад ростлади. «Узун» жомеъ масжидининг эса том қисми ва безак ишлари фонд маблағлари ҳисобига битказилди.
Самарқанд вилоятидаги сўнгги манзил Нуробод тумани Сарикўл қишлоғида бунёд этилаётган «Сарикўл» жомеъ масжиди бўлди. Ушбу масжиднинг аҳамиятли томони Тошкент—Бухоро магистрал йўли ёқасида жойлашганидир.
— Бу йўлдан ҳар куни минглаб сайёҳлар ва фуқаролар ўтишади, эски масжидимиз кўримсиз ҳолатга келиб қолган эди, таҳоратхона эса аянчи аҳволда эди, — дейди масжид имом-хатиби.
Айни дамда бунёд этилаётган масжид биноси кўркам, ҳашаматли бўлиб, қулай таҳоратхонага эга. Йўл юзида жойлашганлиги сабаб сайёҳлар ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида муслима аёллар учун ҳам алоҳида хонақоҳ ва масжид қад ростламоқда.