Бугун, 30 апрель куни Беларусь Давлат стандартлаштириш қўмитаси раиси Татариский Валентин Болеславович бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Пойтахт бизнес марказида «Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш» бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижроси юзасидан манфаатли ва самимий руҳдаги учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га «Ўзстандарт» хабар берди.
Йиғилишда икки томонлама ҳамкорлик кўплаб муҳим йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Ўзаро ишонч ва англашув асосидаги давлатлараро амалий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани мамлакатларни барқарор ривожлантириш ва халқ фаровонлигини ошириш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имконини бераётгани қайд этилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт қилинадиган маҳсулотларнинг синовларини ўтказиш амалиётини кенгайтириш, расмийлаштириладиган синов баённомалари, мувофиқлик сертификатларини тан олиш масалалари муҳокама қилинди.
«Ўзстандарт» агентлиги ва «Ўзавтосаноат» акционерлик жамияти ҳамкорликда жорий йилнинг 1 май куни Беларусь делегацияси учун Самарқанд шаҳридаги «Маn Аutо-Uzbekistan» қўшма корхонаси ва кўҳна Самарқанднинг диққатга сазовор жойларида бўлиш, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан таништириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)