Шимолий Корея плакат ўғирлашга уриниб судланган ва ватанига қайтиши билан вафот этган америкалик талаба Otto Уормбирнинг даволаш харажатлари учун АҚШга 2 миллион долларлик ҳисоб тақдим этган. The Washington Post’нинг ёзишича, Пхеньян ёш йигитни тўловсиз АҚШга қайтаришдан бош тортган.
Қайд этишларича, ҳисоб талабанинг ортидан келган АҚШ вакилига топширилган. Газетанинг ёзишича, у КХДРнинг «ҳаддан ташқари сурбет» хатти-ҳаракатига қарамай, АҚШ президент Дональд Трампнинг топшириғига асосан, тўлов мажбуриятларини ўз зиммасига олиши ҳақидаги ҳужжатга имзо чеккан.
Хабар беришларича, ҳисоб АҚШ Молия вазирлигига келиб тушган. У бутун 2017 йил давомида тўланмаган. Охир-оқибат бу харажатлар қопланганми ёки ушбу масала Трампнинг Шимолий Корея етакчиси билан учрашувига тайёргарлик доирасида муҳокама қилинганми — номаълум.
Уормбирнинг ота-онаси тиббий хизматлар учун тақдим этилган ҳисоб ҳақида ҳеч нарса билмаслигини маълум қилди. Оқ уй маъмурияти эса америкалик талабани озод этиш юзасидан олиб борилган музокаралар бўйича изоҳ беришдан бош тортди.
Уормбир 2017 йил июнида Цинциннати (Огайо штати)даги касалхонада вафот этган эди. У КХДРда 2016 йил мартида тарғибот плакатидан бир парчани йиртиб, ўғирлашга уринганликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, у ватанига қайтарилган.
Йигит узоқ вақтида комада бўлган. Ота-онасининг сўзларига кўра, Otto КХДР қамоқхоналарида жисмоний зўравонликка учраган. Шимолий Корея расмийлари эса талабанинг аҳволи унда ботулизм аломатлари пайдо бўлиб, у оғриқ қолдирувчи дори ичганидан сўнг ёмонлашганини таъкидлаган эди.
Изоҳ (0)