Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А.Усмонов Сурхондарё вилояти Музработ туманида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси «Дарё»га хабар берди.
Туман марказидаги дам олиш ва истироҳат боғида бўлган сайёр қабулда 172 нафар фуқорадан 212 та мурожаат келиб тушди. Шуни айтиш лозимки, энг кўп мурожаат суд-ҳуқуқ, уй-жой, ер ажратиш, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигига доир бўлди.
Сайёр қабулда 78 та муаммо жойида ҳал этилди. Бошқача айтганда, мурожаатларнинг 41 фоизи ижобий бартараф этилди. Мисол учун, тумандаги «Янгидиёр» маҳалласида яшовчи фуқаро Наргиза Нурмуҳаммедова ва Гулчеҳра Бобоназароваларга даволаниш учун ордер ажратилиб, шу куннинг ўзида шифохонага юборилди. «Бодомзор» маҳалласидан Абдумурод Одинаевнинг ички йўлларни ва кўприкни таъмирлаш борасидаги мурожаати юзасидан туман ҳокими топшириғига кўра йўлларга тош тўкиш, кўприкни таъминлаш ишлари зудлик билан бошлаб юборилди.
Тумандаги «Наврўз» маҳалласидан Ойзода Азимова набираси Динара Исматовани Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўладиган халқаро мусобақада иштирок этиш учун ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Динара тумандаги 14-мактабнинг 4-синфида ўқийди. Таэквондо бўйича бир қатор республика ва халқаро мусобақалар ғолиби. Отаси ва бобоси автоҳалокат туфайли вафот этган. Бу чемпион қиз 15 майда бўладиган халқаро мусобақада иштирок этиб, юрт шарафини муносиб ҳимоя қиладиган бўлди. Ҳомийликни эса «Музработ бунёдкори» МЧЖ жамоаси ўз зиммасига олди.
Шунингдек, Қурбонсоат Жабборовнинг Р-6 каналининг 3 километри ағанаб, К-5 каналига тушганлиги, натижада 2 йилдан буён 358 хонадон соҳиблари шахсий томорқаларини суғоришда қийналаётгани, 350 гектар пахта майдони изова шўр сув билан суғорилаётганлигидан шикоят қилди. Бу масалага ҳам тегишли маблағ ажратилиб, «Аму Сурхон ирригация» тизимлари ҳавза бошқармаси ва «Сурхандарёсувқурулишинвест» ДУК томонидан бартараф этиладиган бўлди.
Қабулда тадбиркорлар Абдуқодир Ҳамдамов, Ойбаргун Мўминова, Чори Сафарқулов, Хасан Бойқобуловлар туман деҳқон бозори ёнидаги дўконлари бузилиши ҳақида огоҳлантириш олганликларини айтиб, шикоят қилди. Бу борада агар бозорни қайта қуриш ва кенгайтириш мақсадида йўл ёқасидаги савдо дўконлари бузилса, уларга ер ажратилиши, имтиёзли кредит ёки дўкон берилиши ваъда қилинди. Бу масалани ижобий ҳал этиш туман ҳокими ўринбосари Аҳмад Йўлдошевга юклатилди.
Фуқаро Шарифжон Чоршанбиев тумандаги «Орият» маҳалласида яшаётган 500 хонадон соҳиблари ёпиқ дренаж ишламаётганлиги сабабли ер ости сизот сувлари яқинлашгани, томорқалар шўрлаб кетаётгандан азият чекмоқда, деди. Бу муаммо ҳам тегишли ташкилот зиммасига юклатилиб, маълум муддат белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайёр қабулга келган фуқаролар муаммолари ҳал қилингани ёки қатъий назоратга олинганлиги туфайли хурсанд бўлди. Қабул давомида 10 та мурожаатга асосли ҳуқуқий жавоб берилган бўлса, 115 тасига муддат белгиланиб назоратга олинди.
Қабул якунида Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари А.Усмонов туман, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларига марожаат қилиб, масаланинг моҳияти қабулда эмас, балки бу ерда айтилган муаммоларнинг ҳал этилиши билан муҳимлигини айтди.
Изоҳ (0)