Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг таклифига биноан Туркия Халқ таълими вазири маслаҳатчиси профессор Мустафа Хилми Чолакўғли иштирокида жорий йилнинг 18—26 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бир қатор учрашув ва амалий-семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Марказ ахборот хизмати бош мутахассиси Ф.Соатов «Дарё»га хабар берди.
Ташриф дастури доирасида профессор Мустафа Хилми Чолакўғли, вазирлик ва идоралар вакиллари, профессионал ассоциациялар ва таълим тизими вакиллари иштирокида «Касб-ҳунар таълимида инновацион ёндашув» мавзусида 2 кунлик семинар (18—19 апрель), Самарқанд вилоятига ташриф (22—23 апрель) ҳамда Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларни малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ходимлари иштирокида касб-ҳунар таълимида янгича ёндашувлар, Туркия тажрибаси бўйича амалий семинарлар (24—26 апрель) ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Профессор Мустафа Хилми Чолакўғли иштирокида ўтказилаётган тадбирлар ва тажриба алмашиш жараёнида Туркияда касб-ҳунар таълими шакли, мазмуни ва сифатини таъминлаш билан боғлиқ масалалар, хусусан, касбий ва таълим стандартларини жорий қилиш, таълим муассасаси ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик, таълим тизимида давлат-хусусий шерикчилик шакллари, Туркияда миллий малака тизими, таълим муассасаларини ўқув-услубий, методик таъминоти, шунингдек, коллеж директорлари ва педагог кадрлар малакасини ошириш тизими ва уларга қўйиладиган талаблар каби мавзулар бўйича фикр алмашиш кўзда тутилган.
2019 йил 18—19 апрель кунлари ташкил этилган амалий семинарнинг асосий мақсади касб-ҳунар таълими соҳасида Туркия тажрибасини ўрганиш, касб-ҳунар таълимида инновацион ёндашув имкониятлари, соҳа масъул ходимлари, шунингдек, педагог кадрлар малакасини ошириш, уларни халқаро ҳамкорлик доирасидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро тажриба алмашиш ҳисобланади.
Касб-ҳунар таълими тизими бундан кейин маҳаллий ва халқаро меҳнат бозорида рақобатлаша оладиган ва шунга етарли меҳнат кўникмалари шакллантирилган, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилган ҳолда ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган ва камида иккита хорижий тилни биладиган, хорижий тажрибани ўзлаштирган малакали кадрларни тайёрлайди.
Касб-ҳунар таълими Марказининг Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги билан биргаликда амалга ошираётган лойиҳалари Ўзбекистон касб-ҳунар таълими соҳасидаги ислоҳотларда ўз ижобий натижасини беради.
Изоҳ (0)