Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари 20—21 апрель кунлари Самарқанд вилоятининг Пастдарғом ва Ургут туманларида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Zarnews хабар қилади.
Ушбу туманлардаги Халқ қабулхоналарида ўтказилган тадбирларда 148 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг 21 та аризаси назорат тартибида кўриб чиқиш учун, 30 та аризаси ўрганиб чиқиш учун ва 4 та қўшимча шикоятлари қабул қилинди.
Олий суд матбуот хизматининг хабарига кўра, фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларнинг юздан ортиғи судлар фаолияти билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, суд қарорлари ижроси, ҳокимият органи ва судья хатти-ҳаракатидан норозилик ва бошқа масалалар бўйича ҳам мурожаатлар қайд этилган. 30 та масала қабуллар чоғида ижобий ҳал қилинди, 60 нафарга яқин фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Процессуал қонун талабларидан келиб чиқиб, сайёр қабулларда сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилди. Бунинг натижасида 31 нафар маҳбус жазони ўташ жойидан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. Ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва синов муддатини ўтаётган 131 нафар маҳкум ҳам жазодан озод этилди. 2 нафар судланувчи апелляция ва кассация инстанцияларида суд залида қамоқдан озодликка чиқарилди ҳамда 1 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 70-моддасига асосан тайинланган жазодан озод бўлди. Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров вилоятга сафари давомида Самарқанд шаҳридаги 10-Меҳрибонлик уйида ҳам бўлиб, муассаса кутубхонасига ҳуқуқий китоблар совға қилди.
Изоҳ (0)