АҚШнинг Калифорния штатида 11 ёшли Дениз Салдейт исмли қиз тиш пастасига аллергияси борлиги сабаб вафот этди. Бу ҳақда Forum Daily хабар берди.
Қизчанинг сут маҳсулотларига нисбатан аллергияси бўлган. Лекин унинг оиласи тиш пастасининг таркибида болани ўлдириш даражасида оқсил борлигини билмаган.
«Ҳаммасига мен айбдорман», — дейди қизчанинг онаси.
Тиш пастасини уларга стомотолог тавсия қилган.
Денизнинг оиласи доим маҳсулот таркибида оқсил йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун қадоқни эътибор билан ўқиб чиқишга одатланган. Яхшилаб текширгач, уни қизчага беришар эди. Стомотолог қизчага тиш эмалини мустаҳкамлаш учун даволовчи МИ Пасте One тиш пастасини тавсия қилган. Пастанинг таркибида оқсил борлигини ҳаёлига ҳам келтирмаган қизчанинг оиласи 4 апрель куни Дениз тишларини юваётганда анафилактик шокка тушганини кўриб, ҳайрон қолган.
Онасининг сўзларига кўра, қизча фақат «Тиш пастага аллергиям борга ўхшайди», дейишга улгура олган ва шундан сўнг, унинг лаблари кўкариб кетган. Онаси Денизни каравотга ётқизган, унга 911 рақамига қўнғироқ қилишини буюрган. Ўзи эса ЭпиПен олиб келиш учун дорихонага югурган (баъзи бир аллергик реакцияларни бартараф этадиган эпинефринли махсус калта шприц).
«У нафас ололмаётганини айтди. Мен эса, нафас оласан, бу қўлингдан келади. Сени яхши кўраман, дедим», — дейди қизчанинг онаси Моник.
Аёл қизига ўпка-юрак реанимациясини қилган. Лекин қизчанинг оғиз тиш пастасига тўла бўлгани учун кислород унинг нафас олиш йўлидан ўтолмаган. Икки кундан сўнг Дениз вафот этган.
Маълум бўлишича, даволовчи тиш пастасининг таркибида рекалдент — сигир сути оқсилидан олинган модда бўлган.
Изоҳ (0)