Вилоят ҳудудида жойлашган автомобиль йўлларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қарийб бир йилдан ортиқроқ вақтдан буён онлайн режимда ишламоқда, бу ҳақда ЎзА маълумот беради.
Бу муддат ичида ушбу фоторадарлар орқали 95 минг 732 та қоидабузарлик аниқланди. Ушбу аниқланган қоидабузарликлар юзасидан белгиланган жарималарни ўз вақтида тўламаган, белгиланган талабларга беписанд қараган 17 минг 254 автомобиль ҳайдовчисидан жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Айни пайтда жойларда Мажбурий ижро бюроси ходимлари билан ҳамкорликда махсус рейдлар ташкил этилган. Соҳа мутахассислари AUTO CON мосламаси ёрдамида қарздор ҳайдовчиларни аниқлаб, шу жойнинг ўзида ташкил этилган сайёр кассалар ёрдамида жарималарни ундирилмоқда. Жумладан, Зангиота, Тошкент, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманларида олиб борилган рейдлар давомида қарздорлиги аниқланган 429 транспорт воситасидан 93 миллион 458 минг сўмдан ортиқ жарима ундирилди.
Шунингдек, жаримани тўламаган 94 нафар ҳайдовчининг транспорт воситалари тўловни амалга оширганига қадар жарима майдонларига жойлаштирилди.
Изоҳ (0)