Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Соғлиқ ҳар бир одамнинг ҳаётидаги энг муҳим нарса, аммо касал бўлишдан ҳеч ким суғурталанмаган. Бизга бахтли ва кучга тўла кўринган аксарият юлдузлар касал эканликларини ошкор этмайди.

Улардан айримлари омманинг эътиборини жалб этиш учун эмас, балки одамлар ўз соғлиқлари ҳақида ҳозирдан қайғуришлари кераклиги, акс ҳолда кеч бўлиши мумкинлигини айтиш мақсадида касалликлари ҳақида бир неча йил ўтиб маълум қилади. AdMe шундай юлдузлар ҳақида маълум қилди.

Марк Руффало

https://www.instagram.com/p/BvWwUGvAfQz/?utm_source=ig_embed

2001 йилда актёрга вестибуляр шваннома касаллиги ташхиси қўйилган. Бу бош мия ўсимтаси касаллиги бўлиб, акустик невринома номи билан ҳам машҳур. Ўша пайтда актёрнинг рафиқаси биринчи фарзандини дунёга келтириш арафасида бўлган. Марк ҳеч кимга ўз касаллиги ҳақида гапирмаган. Чақалоқнинг бир ҳафталик бўлишини кутиб актёр рафиқасига касаллиги ҳақида маълум қилган. Ўсимтани олиб ташлаш бўйича операция муваффақиятли ўтган. Бироқ юзининг ярми фалаж бўлиб, чап қулоғи эшитмай қолган. Аммо бу актёрнинг бахтли ҳаёт кечириб, мухлисларини ижоди билан хурсанд қилишига ҳалал бермайди.

Морган Фримен

https://www.instagram.com/p/BsyK1KVF-QZ/?utm_source=ig_embed

2013 йилда АҚШлик актёр Морган Фримен 2009 йилда автоҳалокатга учраганидан сўнг фибромиалгия касаллигига чалинганлигини ошкор қилган. Бу бўғимларда, мушакларда ва бошқа тўқималарда сурункали оғриқни бошдан кечириш ҳолати.

Унинг ўнг елкаси, қўли ва тирсаги синган ва актёр операция қилинган. Шифокорлар унинг елкаси ва қўлидаги шикастланган нервларни тиклаш мақсадида тўрт соат давомида операция қилган. Морган чапақай, лекин у чап қўл бармоқларини қимирлата олмайди. У ҳаракатсизлик оқибатида қон тўпланиб қолмаслиги учун компрессловчи махсус қўлқоп тақиб юради.

Алек Болдуин

https://www.instagram.com/p/BRywtprDXyy/?utm_source=ig_embed

Алек Болдуин Лайма касаллигига қарши курашгани ҳақида 2017 йилда гапириб берган. Актёр кана чақиши оқибатида зарарланган ва у бир неча йил давомида ҳолдан тойдирувчи доимий бош оғриғи, ёруғликка таъсирчанлик, мушаклар оғриғи, титроқ, тери тошмалари каби аломатларга олиб келган.

Анастейша

https://www.instagram.com/p/BuMf6SnFBib/?utm_source=ig_embed

Анестейша 13 ёшидан бери Крон касаллиги билан яшайди. Касаллик ташхиси қўйилган пайтда унинг ингичка ичагининг катта қисми яхши сифатли ўсмалар билан зарарланган. Шу сабабли  ичагининг 30 сантиметри ва бир неча лимфа тугунлари кесиб ташланган. Қўшиқчида ҳали ҳам касалликнинг баъзи аломатлари кузатилади: ошқозонда ноқулайлик, чандиқ излари тагининг тортишиб оғриши. Баъзан эса у умуман овқатлана олмайди.

2003 йилда эса унга кўкрак саратони касаллиги ташхиси қўйилган. Ўсимтани олиб ташлаш бўйича жарроҳлик операцияси ўтказилган, шундан сўнг бир неча даволаниш босқичини ўтган. Ҳозирда Анестейша фаол мусиқий фаолият олиб бориб мухлисларини хурсанд қилишда давом этмоқда.

Дэвид Бекхэм

https://www.instagram.com/p/BqfYhg9hR_5/?utm_source=ig_embed

Дэвид Бекхэм болалигидан астманинг енгил шакли билан оғриган. У бу ҳақда айтишни хоҳламаган. Чунки астма унинг фаолиятига таъсир кўрсатмаган. Аммо 2009 йилдаги ўйин пайтида ингалятордан фойдаланишга мажбур бўлган ва шундан бошлаб касаллигини яшира олмаган. Ҳозирда у фудбол фаолиятини тугатган.

2006 йилда эса обсессив компулсив синдромидан азият чекишини тан олган. Футболчи бирор нарса бир чизиқда ёки бошқа хусусиятларига кўра тартиб билан турмагунича тинчлана олмайди.

Боно

https://www.instagram.com/p/BVvJdqWBglt/?utm_source=ig_embed

U2 фронтментининг айтишича, унинг қорайтирилган кўзойнак тақишига сурункали кўз касаллиги сабаб бўлган. У 20 йил давомида глаукома касаллиги билан оғрийди. Шу сабабли у доим, ҳатто хонада ҳам махсус кўзойнакда юради. Глаукома кўз олмасида қон босимининг ошишидан келиб чиққан бўлиб, даволаш чоралари кўрилмаса, кўриш нервларини шикастлаб, кўрликка олиб келиши мумкин. Бироқ бу унга санъат соҳасидан кетишга сабаб бўла олмаган.

Мелани Гриффит

https://www.instagram.com/p/yUmk_YgE4N/?utm_source=ig_embed

Актрисанинг айтишича, саккиз йил аввал унга эпилепсия ташхиси қўйилган. 2011 йилда Канндаги кинофестивалда икки марта тутқаноқ хуруж қилиб қолганда касаллиги маълум бўлган. Унинг сўзларига кўра, унда касаллик хуружи қаттиқ сиқилишдан сўнг пайдо бўлади. Аммо турмуш тарзини яхшилаганидан сўнг олти йил давомида касаллик хуружи кузатилмаган.

Эмилия Кларк

https://www.instagram.com/p/BuU0VKYlcDF/?utm_source=ig_embed

Актриса 21 март куни The New Yorker газетасига берган интервьюда «Тахтлар ўйини» сериалини суратга олиш давомида инсульт ва уч марта мия операциясини бошидан ўтказганини айтган. Шу вақтгача у касаллигини рад этиб келган. Ҳатто ҳамкасблари ҳам унинг касаллигини билмаган. Фақатгина «Тахтлар ўйини» суратга олиш гуруҳи раҳбарияти бундан огоҳ бўлган. 2011 йилда содир бўлган инсультдан сўнг унда афазия — нутқнинг бузилиши бошланган.

«Оғир аҳволда қолганимда шифокорларга ўлишимга имкон беришларини сўрардим. Менинг ишим — ҳаётим қандай бўлиши ҳақидаги орзуларим нутқим, мулоқот қилишим билан боғлиқ эди. Бусиз ўзимни йўқотиб қўйгандек сезардим», —деб хотирлайди актриса.

Бахтига, афазиядан қутилган, бироқ у мунтазам равишда бош мия МRT текширувидан ўтиб туриши керак бўлган. Чунки унда яна бир аневризма аниқланган бўлиб, унинг ҳолатини доим назорат қилиб туриш керак бўлган.

2013 йилда актрисага аневризмани олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Жарроҳлик операцияси пайтида кўп қон кетиши оқибатида бу сафар очиқ бош мияда бошқа бир операцияни ўтказишга тўғри келган. Шу сабабли унинг бошида катта чандиқ қолган. Бош суягининг бир қисми эса титан пластинасидан иборат.

Кларкнинг айтишича, олти йилдан сўнг учинчи операцияни ўтказгандан кейин ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. У бош мия жароҳати ёки инсультга чалинган беморлар даволанишига ёрдам кўрсатувчи SameYou фонди асосчиларидан бири ҳисобланади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Генерал Пётр Павел Чехиянинг янги президенти этиб сайланди
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь
Маҳаллий
“Ўтган йил давомида ички ишлар ходимлари билан боғлиқ 644 та салбий видео тарқалган” — Шоҳрух Ғиёсов