Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги «Экодунё» фермер хўжалиги раҳбари Дилноза Йўлдошева ажриқ илдизидан қаҳва олишни ўзлаштирган. Лекин уни амалиётга жорий қилишда бир қанча қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Мутахассисларнинг фикрича, оддий ажриқ илдизи инсон организми учун жуда фойдали. Чунки ажриқда яшовчанлик хусусияти ниҳоятда кучли. Одатда ажриқ бугун юлиб ташланса, ҳеч қанча ўтмай шу жойдан яна барибир униб чиқаверади.
Ажриқ томиридан олинадиган қаҳва эса шифобахш хусусияти билан ажралиб туради. Уни ҳар қандай ёшда истеъмол қилиш мумкин. Таркибидаги табиий моддалар одамга қувват бахш этади. Шу жиҳатдан у иммунитетни кучайтириб, айрим хавфли касалликлар, жумладан, саратоннинг олдини олишда қўл келиши мумкин.
Ажриқнинг шу каби фойдали хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари томонидан тасдиқланган. Қолаверса, ажриқдан олинган қаҳва таркибидаги фойдали хусусиятлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан ҳам маъқулланган.
«Ажриқ илдизидан қаҳва олишни ўзлаштиришга муваффақ бўлгач, бу ихтиро бўйича Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан муаллифлик ҳуқуқига оид патент олганмиз, – дейди Д.Йўлдошева. – Лойиҳани амалиётга татбиқ этишга қаратилган барча талабларни амалга ошириб, уни тайёр ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим қилганмиз. Лойиҳа вазирлик мутахассисларига ҳам маъқул келди. Ҳатто бу лойиҳани пойтахтда ҳам синаб кўриш таклифи берилди. Аммо бизнинг асосий мақсадимиз чекка ҳудудларда иш ўринлари яратиш. Агар биз зарур миқдордаги маблағга эга бўлсак, нафақат янгилик яратган, иш ўринлари ташкил этган, балки деҳқон ва фермерларимизга ҳам катта фойда келтирган бўлар эдик. Чунки ажриқ кўпроқ бегона ўт сифатида ўсади. Уни йиғиштириб олсак, далалар бегона ўтлардан тозаланади».
«Маҳсулотимизни кейинчалик экспорт қилишни режа қилганмиз. Бироқ, лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағни анча вақтдан бери қўлга кирита олмаяпмиз. Тўғри, Иннновацион ривожланиш вазирлиги лойиҳани қўллаш ниятида. Бироқ, қоғозбозлик, арзимаган баҳона ва бюрократик тўсиқлар туфайли ишимиз орқага сурилиб келмоқда», — дейди ихтирочи.
Эслатиб ўтамиз, фермер аёлнинг бу кашфиёти ҳақида оммавий ахборот воситаларида аввал ҳам чиқишлар қилинган. Лекин кашфиётчининг муаммоси ҳамон эътибордан четда қолиб кетмоқда.
Изоҳ (0)