Термиз шаҳридаги «Санъат саройи» майдонида Алпомиш монументал ҳайкали ўрнатилди. Ҳайкалтарош Қурбон Норхўрозов томонидан яратилган ушбу санъат асарида «Алпомиш» достонидаги бош қаҳрамон Алпомишнинг Бойчибор отини Боботоғ чўққисидан булутлараро «учиртириб» бораётган образи тасвирланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.
Майдонга кўрк бахш этиб турган ушбу монументни яратиш учун ҳайкалтарош уста томонидан бир йилдан ошиқроқ вақт сарфланган. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Термизда қад ростлаган ушбу монумент I Халқаро бахшичилик санъати фестивали олдидан кенг жамоатчиликка тақдим этилиши режалаштирилган.
«Ушбу асаримда қаҳрамоннинг ғалабага бўлган ишончи, кучи, шиддатини тасвирладим. Қўлида ёй кўтарган, мард, жасур, ўзига ишончи баланд Алпомиш сиймосини яратишга асосий эътибор қаратдим», — дейди ҳайкалтарош Қурбон Норхўрозов.
Айтиш керакки, ўзбек халқининг ори, тантилиги, ғурури, юртга муҳаббатини ўзида акс эттирган ушбу ижод намунаси ўсиб келаётган ёш авлодни юртга садоқат, ватанпарвар, мард ва жасур этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.
Изоҳ (0)