Тошкент ахборот технологиялари университети Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Академик инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси гранти учун ўтказилган танловда ғолиб бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хабарда айтилишича, университетнинг «Тошкент ахборот технологиялари университетида АҚШ магистратураси таълим технологияларини татбиқ этиш» номли лойиҳаси грантга сазовор бўлган. Лойиҳа Америка университетларида таҳсил олаётган магистрларнинг таълим технологияларини Тошкент ахборот технологиялари университетида жорий этишга қаратилган.
Лойиҳа қиймати 140 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бу маблағ ҳисобидан Тошкент ахборот технологиялари университетига янги ускуналар харид қилинади, молиявий лаборатория ташкил этилади, магистрлар учун мультимедиа ўқитиш дастурлари ва масофавий таълим тизими жорий этилади.
Академик инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси грантлари учун танлов Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Жаҳон банки негизида Ўзбекистон олий таълим тизимини модернизация қилишга йўналтирилган лойиҳа доирасида ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)