2018 йилда МДҲ мамлакатлари орасида пул жўнатмалари асосан Ўзбекистонга юборилган. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг катта муаммоларидан бири бу ўрта корхоналар етишмаслиги ҳисобланади.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистондаги бешта ишчи ходимнинг тўрт нафари қишлоқ хўжалиги ёки кичик хизматлар секторида фаолият олиб боради. Бундан ташқари, ходимларнинг учдан бир қисми давлат корхоналарида ишлайди, яна учдан бир қисми эса ўз-ўзини иш билан таъминлайди.
Маълумотларга кўра, 2018 йилда Россиядаги жисмоний шахлар томонидан четга 9.484 миллиард доллар миқдорида пул жўнатилган. Россияга юборилган пул ўтказмаларининг умумий қиймати 2,65 миллиард долларни ташкил этган.
«2018 йилнинг сўнгги уч чораги учун мавжуд маълумотларга қараганда МДҲ мамлакатлари орасида пул жўнатмалари асосан Ўзбекистонга юборилмоқда», — дейилади хабарда.
Хусусан, 2018 йилнинг учинчи чорагида Россиядан МДҲ мамлакатларига юборилган жами 3,759 миллиард долларнинг деярли учдан бир қисми Ўзбекистонга тўғри келади. Юборилган пул миқдори — 1,254 млрд доллар.
«Россияда расмий рўйхатдан ўтган ўзбекистонлик муҳожирлар қарийб 1,1 миллионни ташкил этади ва бу Туркманистон ва Қирғизистондан келган муҳожирлар сонидан сезиларли даражада кўп, шунинг учун пул оқимлари, шу жумладан пул ўтказмалари рақамлар нисбати билан мос келади», — дейди Univer Capital бош стратеги Дмитрий Александров.
Freedom Finance таҳлилчиси Анастасия Соснованинг сўзларига кўра, Ўзбекистондан келган муҳожирларнинг кўпчилиги асосан қурилиш, уй-жой ва коммунал хизматларда ишлайди, иш учун олинган пул эса уларнинг оилаларига ва қариндошларига юборилади.
Февраль ойи ўртасида Жаҳон банки экспертлари гуруҳи Ўзбекистон ҳақида ҳисобот тайёрлаган. Экспертлар унда мамлакатда ҳал қилиниши лозим бўлган тўртта муаммони кўрсатган, улар — бандлик соҳаси ривожланмаганлиги, корхоналар етишмаслиги, экспорт танқислиги ва энергия самарадорлигининг пастлиги.
Ҳисоботда Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли фуқаролар сони жадал суръатларда ўсиб бораётганлиги, агар ҳозирги ўсиш суръати сақланиб қолса 2030 йилга келиб, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда (Россия, Туркия, Украина ва Польшадан кейин) бешинчи йирик ишчи кучи мавжуд мамлакатга айланиши қайд этилган.
Изоҳ (0)