2019 йилнинг 6 март куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов Marrybrown Sdn.Bhd. компаниясининг молиявий директори Дэвид Лию билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Marrybrown Sdn.Bhd. Малайзияда «ҳалол» тамойилига мувофиқ сертификатланган фастфуд ресторанларининг энг йирик тармоғи ҳисобланади. Компания мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб жойлашган 138 та ва дунёнинг 20 та мамлакатидаги 350 дан ортиқ ресторан билан ишлайди.
Дэвид Лию Ўзбекистон тадбиркорлари билан франчайзинг асосида савдо-сервис нуқталари тармоғини очиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, компаниянинг товар белгисини узатиш шартлари ва қиймати Ўзбекистон томонидан аниқ ҳамкор аниқлангандан сўнг муҳокама қилиниши таъкидланди. Мазкур бренд Жанубий-Шарқий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари орасида энг таниқлиларидан бири бўлиб, бу мамлакатлардан сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун «лангар бизнес» ролини бажариши мумкин.
Музокаралар якунида ресторан бизнесида ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини батафсил муҳокама қилиш учун жорий йилнинг апрель ойида Marrybrown Sdn.Bhd. компаниясининг вакиллари Тошкентга ташриф буюриши ҳақида келишувга эришилди.
Изоҳ (0)