Тунги осмонда ғуж бўлиб турган сон-саноқсиз юлдузларга қараб ўйга толмаган киши йўқ бўлса керак. Ҳақиқатан ҳам, юлдузларга тўла осмон шу қадар мафтункорки, одамлар бу манзара асосида турли афсоналар ва ҳатто толеномалар тўқиб чиқарган. Фантастик фильмларда эса инсоният аллақачон юлдузларга етиб бориб, коинотда саёҳат ҳам қилмоқда. Аммо фантастика ўз номи билан фантастика. Биз ҳали қўшни сайёраларгача ета олганимиз йўқ, юлдузларга йўл бўлсин.
Тўғри, Ойга қўнганимизга ярим асрча бўлди, космик аппаратларимиз Қуёш системасини тарк этишига ҳам эришдик. Лекин бортига одам боласини ўтқизиб, бирор юлдузгача учиб бора оладиган космик кемани ясашгача етадиган салоҳият касб қилганимиз йўқ ҳозирча. Башарти шундай кемани қура олган тақдиримизда ҳам, бизнинг юлдузларгача учиб боришимизга тўсқинлик қиладиган қатор тўсиқлар борки, уларни ҳам бартараф этишимиз керак бўлади. Sciencea материали шу муаммога бағишланади.
Ёруғлик тезлигидан ҳам тез
Фантастик асарларда одамзотнинг коинот бўйлаб бир сайёрадан бошқасига учиши одатда ёруғлик тезлигидан ҳам тез учадиган ҳаракат воситаларига таянади. Амалда эса физика қонунлари бунга йўл қўймайди. Шунингдек, бу тезликдан тез учишнинг иложи йўқлиги ҳақидаги қоидани четлаб ўтиш имконини берадиган ҳеч қандай имкониятнинг ўзи йўқ. Ёруғлик тезлигидан тез учиш у ёқда турсин, ёруғлик тезлигига яқин тезликларга эришиш ҳам гумон бўлиб, бу тезликка яқинлашган сари масса ва энергия билан боғлиқ қатор қизиқ муаммолар юзага келади. Бизнинг бу борадаги ягона имкониятимиз фанда «кўрсичқон ини» деб юритиладиган гипотетик объектлардан фойдаланиш бўлиши мумкин. Лекин бу ҳам ҳозирча физикада фақат назарий имконли нарса бўлиб, бундай «уя»ларнинг иккинчи оғзи қаердан чиқишини билиб бўлмайди ва уни назорат қилиш имконияти ҳақида ҳатто тайинли гипотезанинг ўзи ҳам йўқ. Боз устига, ҳисоб-китобларга кўра, бундай «кўрсичқон ини» орқали саёҳат қилиш давомида юзага келадиган физик эффектлар материяни йўқ қилиб юборишга қодир деган фикрлар мавжуд. Унга кўра, «ин»нинг бир тарафидан кириб кетган астронавт нариги тарафдан қандайдир номаълум юлдуз олдида чиқиши мумкин; лекин у аллақачон плазма кўринишига келиб қолган бўлади (қўпол қилиб айтганда, эриб нобуд бўлган бўлади).
Телепортация
Яна айрим фантастлар ўз асарларида одамларни ўзга юлдузлар қаршисига одамни телепорт қилиб юборади. Телепортация одамни ёки умуман ҳар қандай жисмни телепорт қила оладиган ускунани ишга туширишни тақозо этади. Бунинг учун эса одам аввал ушбу ускунани ишга тушириши, кейин ўзини ўзи телепорт қилиб, нариги қайсидир томондан чиқиши керак бўлади. Лекин амалда телепортация ғоят мураккаб вазифадир. Башарти бундай имконият ҳақиқатан мавжуд бўлган тақдирда ҳам, бир фикр қилиб кўринг: одам аввалига атомларга парчаланиб кетади ва нариги тарафда қайтадан йиғилади. Бунинг учун эса нариги тарафда ҳам телепорт бўлган жисмни яна худди аввалгидек йиға оладиган ускуна бўлиши керак. Бунинг учун эса уни аввал у ерга элтиш керак. Ўзини ўзи телепорт қилиб, кейин нариги тарафда ҳам ўзини ўзи йиғадиган телепорт ускунаси ҳали энг олғир фантастларнинг ҳам хаёлига келмаган. Қолаверса, бундай фавқулодда улкан масофаларда — юлдузлараро фазо сарҳадларида материяни аниқ бошқаришга энг элементар физика қонунлари йўл бермайди. Оддий мисол, ўлчов воситасининг хатолик кўрсаткичи бўлиб, масалан, узунлик ўлчаш асбобининг хатолиги 0,000001 бўлса, бу Ер шароитида ҳеч кимга сезилмайди. Лекин триллион километр астрономик масофаларда бу жуда катта хатоликни келтириб чиқаради ва телепорт билан бирор юлдузга йўл олган қаҳрамон бутунлай бошқа жойдан чиқиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Яна бир вариант — одам ҳақидаги ахборот асосида керакли юлдуз яқинида ўша ердаги атомлардан худди шу одамни «йиғиш» мумкин бўлади. Лекин бунинг учун ҳам аввал ахборотни у ёққа етказиш керак. Ахборот ёруғлик тезлигида етказилган тақдирда ҳам бунинг учун яна йиллар кетади. Боз устига, у ёқда маҳаллий атомлардан яна одам «йиға» оладиган ускуна ҳам ҳали ҳатто фантаст ёзувчиларнинг миясида ҳам йўқ...
«Авлодлар кемаси»
Телепортация ва ёруғлик тезлигидан тез учиш вариантлари имконсиз экани туфайли бу вариантларни истисно қилсак, унда колония туридаги космик кемага ўтириб, яқин юлдузларга учиш ғояси таклиф этилади. Буни баъзи фантастлар «авлодлар кемаси» деб атайди. Ёруғлик бизга энг яқин юлдузгача 4 йилда етиб боради. Лекин оғир ва ичи одамларга тўла космик кема учун бу масофани босиб ўтишга жуда узоқ юз йилликлар керак бўлади. Инсоннинг ўртача яшаш муддати ҳам, ҳозирда маълум рекорд яшаш ёши ҳам бу муддатни тирик босиб ўтиш учун етмайди (жилла қурса икки асрдан ошиқ яшаган одамни эшитганмисиз ҳеч?). Шу сабабли ҳам «авлодлар кемаси»га бир неча жуфт астронавт ўтириб учади. Улар саёҳат давомида ўзидан кўпайиб, қарилари ўлиб, авлодлари эса мўлжал томон учишда давом этади. Асрлар ўтиб эса қайсидир бир авлод белгиланган юлдузгача етиб боради.
Лекин бундай саёҳатнинг ҳам ўзига хос муаммолари бор.
Биринчидан, бундай кемада турли ижтимоий муаммолар келиб чиқиши тайин. Иккинчидан, авлодлар кема йўлга чиқишининг асл мақсадини унутиб юбориши мумкин. Албатта, «ақлли компьютер системаси» бу авлодларни миссиянинг асл мақсади бўйича ўқитиб, эслатиб туриши мумкин. Лекин бунда ҳам шунчаки авлодлар ўзлари учун «алмисоқдан қолган» муддаони нима учун кераклигини билмай, кемани шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўйиши мумкин. Боз устига, агар кемага техник таъмир керак бўлса, муҳандислик ҳунаридан бехабар авлодларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслиги ҳам эҳтимол.
Она кема
Авлодлар кемасида юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий муаммолардан қочиш учун олис юлдузларга томон учадиган кемага тирик одамларни эмас, балки уруғлантирилган тухум ҳужайра кўринишидаги инсон материалини юбориш ғояси ҳам айрим фантастлар ҳикояларида учрайди. Унга кўра, тайёр уруғлантирилган ва суюқ азотда музлатилган тухум ҳужайра космик кема бортидаги ўта аниқ компьютерлар воситасида манзилгача кузатиб борилади. Керакли пайтда, айтайлик, манзилга оз қолганда белгиланган компьютер дастури ишга тушиб, зарурий шарт-шароитлар асосида эмбрионни сунъий ривожлантиради ва болани дунёга келтириб, катта қилади. Уни эса махсус педагог-компьютер миссия мақсади ва қилиш керак бўлган ишлар бўйича ўқитади ва шуғуллантиради.
Балки бироз ҳақиқатга яқин ғоя шудир? Аммо бунинг ҳам ўзига хос «лекин»лари бор албатта. Биринчидан, бундай, эмбрионни сунъий ривожлантириш ва чақалоқ кўринишига келтириш технологиясининг ўзи йўқ ва ҳозирда бундай вазифа албатта тирик одам — суррогат она воситасида амалга оширилади. Айтайлик, технологиялар ривожланиб, бир кун келиб, шундай имкониятли борт компьютери пайдо бўлса ҳам ва у эмбрионни чақалоққа айлантира олса ҳам (башарти), дунёга келган ўша чақалоқ албатта астронавт бўла олиши масаласи туради. Ҳарҳолда одамнинг шахсий қизиқишлари ва касб танлаш қобилияти деган тушунчалар бор. У бир кун ақлини таниб, ўзининг нимага бундай тақдирга ҳукм қилинганини тушуниб, астронавт бўлиш ва ўша юлдузга етиб бориш фикридан воз кечмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Абадий ҳаёт
Бу эса нафақат юлдузларга учишни истаган, балки Ердан ҳеч қаёққа кетмай, шунчаки шу ерда яшашни истайдиганларнинг ҳам орзуси. «Авлодлар кемаси»дан фарқли ўлароқ, жуда узоқ яшайдиган ва кеманинг коинот бўйлаб парвози давом этадиган юзлаб ва балки минглаб йиллар давомида уни бошқариб, манзилга дадиллик билан учадиган астронавтлар жамоаси. Албатта, узоқ яшаш сирлари ва умрбоқийлик асрорлари замонавий илм-фан томонидан ҳам анчадан буён жиддий ўрганилмоқда. Лекин бу борада энг катта муаммо хромосомалар учидаги теломерлар бўлиб қолмоқда. Одамнинг ўсиши учун ҳужайралар бўлиб кўпайишини яхши биласиз. Ҳар сафар ҳужайра бўлинганида хромосома учидаги ўша теломерлар узунлиги қисқариб боради. Инсон қанчалик узоқ яшамасин, бир кун келиб ўша теломерларнинг қисқариб-қисқариб, батамом тугайдиган пайти келади. Ҳужайралар эса ўз ДНКсини зарарлашни бошлайди. Бу дегани, ҳар қандай тирик организмга, шу жумладан инсон танасига ҳужайраларнинг кўпи билан неча мартагача бўлинишини аниқ белгилаб берадиган чекловчи қоида киритилган бўлиб, барибир абадийлик бундай жисм билан имконсиздир. Албатта, ўша теломерлар ўзи узунлигини сақлаб туриши билан муаммони ҳал қилиш мумкин деган фикр нафақат фантастларнинг, балки оддий одамнинг ҳам хаёлига келиши мумкин. Лекин ҳозирча фанда бунинг иложи борлиги назарий ёки гипотетик имконияти ҳам кўрилмаган. Теломерларни сақлаб тура оладиган кекса ҳужайралар ҳозирча ҳеч қайси тирик организм туркумида йўқ.
Анабиоз
Юлдузлараро саёҳат ҳақида ваъз ўқувчи фантастларда энг кўп илгари суриладиган фикр — астронавтларни анабиоз ҳолатига тушириб қўйиб учириш. Умрбоқий астронавтлар ёки космик кема бортида ҳунарини авлоддан авлодга қолдирадиган астронавтлар жамоаси ҳақидаги фикрлар абсурд экан, унда ҳақиқатан ҳам пухта тайёргарликдан ўтган ва миссия режасини ҳеч қачон унутмайдиган, унинг бажарилишини ўзига шараф деб билгувчи астронавтларни анабиоз ҳолатига киритиш ва уларни ўша олис юлдузларга учириш ғояси-чи?! Иддаога кўра, анабиоз ҳолатидаги одам ёки мутлақо қаримайди, ёки жуда-жуда секин қарийди ва белгиланган вақтга қадар «уйқу режими»да бўлади. Афсуски, биокимё бу ҳолатда ҳам яна ўша теломерлари билан бизнинг хаёлларимизни ёввойи каптардек учириб юборади.
Гап шундаки, инсон организмида ҳар доим муайян сондаги радиоактив элементлар мавжуд бўлади. Улар ўзимиз учун сезиларсиз ва хавфсиз бўлган муайян жуда кичик дозадаги нурланишлар чиқариб туради. Одам танасида бундай радиоактив элемент нурланиб чиқиб кетиб бўлиши билан унинг ўрнини бошқаси (янгиси) тўлдириб туради. Агар одам анабиоз ҳолатида қаримаса, унинг теломерлари қисқармайди ва ҳужайралари ҳам бўлинмайди. Бундай ҳолатда эса танадаги радиоактив элементларнинг ўзидаги нурланиш одам танасининг ўзида тўпланиб боради ва охир-оқибат тана ўз-ўзини нурлатишдан нобуд бўлиши мумкин. Ҳатто қаришни секинлаштириш ҳам бундан ёрдам бера олмайди. Одамнинг ўз танасидаги табиий радиоактив элементлари орқали ўзини ўзи нурлатиб қўймаслиги учун ҳужайралар ўз маромида муттасил бўлиниб кўпайиши керак.
Ҳаракат
Юқорида айтилган одамнинг ўзи билан боғлиқ биологик, биокимёвий ва ижтимоий-ахлоқий масалаларни истисно қилиб, юлдузларга учишнинг фақат техник масалаларини кўриб чиқсак ҳам, ҳафсалани дабдала қилувчи қатор тўсиқларга дуч келамиз. Энг биринчиси — ҳаракат муаммолари юзага чиқади. Биз бугунги кунда фойдаланадиган реактив учиш аппаратларида фавқулодда улкан миқдорда ёқилғи ёниши эвазига ҳаракат таъминланади. Космосга учишда эса Ердан олиб кетилган ҳар қанча ёқилғи захираси билан ҳам узоққа бора олмайсиз. Вазиятга ечим — ёқилғини йўл-йўлакай ғамлаб боришдир. Юлдузлараро очиқ коинотда йўл-йўлакай қўниб ёқилғи қазиб олиб ғамлаб кетиш мумкин бўлган сайёралар ва астероидлар йўқ. Лекин юлдузлараро фазода тиқилиб ётган атомар водороддан ёқилғи сифатида фойдаланса бўлади. Лекин ушбу муҳитда атомар водород ҳам шу даражада сийракки, уни йиғиб олиш учун жуда катта майдонга эга «этак» керак бўлади. Ҳисоблашларга кўра, 2000 км2 юзага эга «этак» водородда ишлайдиган двигатель учун ёқилғи тўплаб учиш имконини берган бўлур эди. Тасаввур қиляпсизми? 2000×2000 километр ўлчамли этак! Космик кема шундай этакни ўзи билан олиб учиши, биринчидан, унинг тезлигини кескин пасайтирса, иккинчидан, бундай улкан этакни ўрнатишни ўзи катта муаммо бўлади. Шунга қарамай, техник жиҳатдан самарасизлиги кундек равшан бўлган ушбу ғоя қачонлардир кўриб чиқилган ҳам.
Зарарланиш
Бизга энг яқин юлдуз Центавр α бўлиб, у Ердан 4 ёруғлик йили масофасида жойлашган. Унга томон оддий автомобилда 60 км/соат тезлик билан йўлга чиқилса, ҳайдовчи 72 миллион йилдан кейин манзилга етиб боради. Шундай масофага уча оладиган техник восита ихтиро қилинган тақдирда ҳам, айтилган муддат ичида табиий емирилишнинг барча максимал муддатлари тугаб битади. Шу сабабли имкон қадар катта тезликка эришиш барибир ғоят муҳим. Лекин қандайин катта тезликка эришилмасин, космик кема корпуси юлдузлараро фазодаги атомар водород доналарига урилиб учиб бориши керак бўлади. Бу дегани, кема корпуси жуда майда атомлар билан бўлса-да, лекин ҳарҳолда муттасил бомбардимон бўлиб туради. Бу эса ҳар қандай мустаҳкам материал ҳам едирилиб, адойи тамом бўлишига олиб келади.
Икки хил ечим бор. Корпуснинг ўшандай зарарланган жойларини муттасил таъмирлаб турадиган одамлар ёки роботлар керак бўлади. Лекин бу ҳолда ҳам корпусга ямоқ солиш учун доимий хом ашё зарур бўлади. Катта масофаларга учишда бундай кўп миқдорида материал захираси билан учиш эса унчалик ҳам тўғри ғоя эмас. Иккинчи вариант — ўз-ўзини таъмирлай оладиган «ақлли» материаллардан кема корпуси тайёрлаш бўлган бўларди. Ҳозирда космик агентликлар айнан шундай материаллар устида изланишлар олиб бормоқда. Ёмон хабар шундаки, бунақа материал мавжудлигига олимларнинг ўзлари ҳам ишонмайди.
Гравитация
Одам танаси тузилиши Ер гравитациясига чамбарчас боғлиқ. Одамлар Ер гравитациясидан холи шароитда вазнсизлик шароитида яшаганида организм кучли зўриқа бошлайди. Гравитациясиз шароитда атиги бир неча ҳафта яшаган космонавтнинг суяклари мўртлаша бошлайди. Мушакларда жиддий ўзгаришлар юз беради. Гравитациясиз муҳитда узоқ яшаш эса хатарли ва ўлимгача олиб келади. Албатта, космик кема бортида одамлар махсус машқлар ва парҳез орқали бунинг оқибатлари билан курашиши мумкин. Лекин ўта узоқ муддат вазнсизлик шароитида яшагандан сўнг организмдаги ҳужайра ва тўқималарда тиклаб бўлмас ўзгаришлар содир бўлади ва астронавт ҳаракат қобилиятини бутунлай йўқотади. Узоқ юлдузларга сафарни қўя туринг, астронавтлар қисқа муддат орбитада ишлаганида ҳам кўриш қобилиятининг сезиларли кескин пасайиши содир бўлади. NASA одамларни Marsга учиришдан аввал айнан шу муаммони ҳал қилиши кераклигини яхши билади ва ҳозирда бу ташкилот физиологлари бунинг устида бош қотирмоқда.
Албатта, муттасил вазнсизлик шароитида яшаш ва бунинг оқибатлари билан курашишдан кўра юлдуз томон парвоз қилаётган кема бортида сунъий гравитация ҳосил қилиш мумкин. Лекин бунинг учун мислсиз даражада катта энергия сарфи зарур бўлади. Энергия эса шундоқ ҳам диққинафас космик кема муҳитида энг қадрли ва қиймати баланд нарса бўлади. Ёқилғи энергияси муаммоси ҳақида юқорида ёзилганини бир эсланг...
Ҳаво ва озуқа
Муҳандислар юқорида санаб ўтилган барча-барча ўринли ва ноўрин муаммо ва масалаларни ҳал қилиб, юлдузлар томон астронавтларни учириб юборган тақдирда ҳам, жуда узоқ сафар қиладиган бундай кема аҳолисига ҳаётий таъминот — овқат ва ҳаво керак бўлади. Улар ейиши, ичиши, нафас олиши, ювиниши, ухлаши, чиқиндиларини қаергадир тўкиши ва бошқа ҳаётий муҳим ишларни бажариши керак бўлади. Ер яқинидаги объектларга учиш асносида биз бу каби масалаларга аллақачон дуч келганмиз ва уларни қисман муваффақиятли ҳал қилганмиз ҳам. Лекин олис сафарлар учун ўзи билан олиб учгани овқат ва сув захирасининг фавқулодда катта манбалари керак бўлади. Бу эса шундоқ ҳам жой тор бўлган космик кема бортида унчалик ҳам фойдали ечим бўлмайди. Энг яхшиси, коинот кемаси бортида мустақил экосистема барпо қилиш бўлган бўлур эди. Бунда ўсимликлар ҳаво ишлаб чиқариб бериб турса ва ўрнига одам чиқиндиларини ўғит сифатида ўзлаштирса балки кўзланган мақсадга эришишга кифоя қилар даражада астронавтларни таъминлар? Ҳарҳолда бу масала шу тариқа ҳал этилган тақдирда ҳам, барибир учишдан аввал бундан аввалги тўққизта муаммони ҳал қилиш керак...
Изоҳ (0)