Жорий йилнинг 28 февраль куни Халқ таълими вазирлиги ҳамда Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат Президент мактаблари ўқув жараёнларини ривожлантириш ва шакллантиришда ХТВ ҳамда Cambridge Assessment International Education ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади, деб ёзади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Меморандум доирасида Президент мактабларига иқтидорли ўқувчиларни қабул жараёнини адолатли, ишончли ва шаффоф ўтказишни жорий этиш белгиланди.
Cambridge Assessment Президент мактабларида ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини очишга ёрдам берувчи ўқув дастурларини жорий этишда кўмак беради.
Ҳамкорлик йўналишларидан яна бири Президент мактаблари раҳбарияти ҳамда ўқитувчилари малакаларини халқаро меъёрларга мувофиқ ошириш ҳисобланади.
2019 йил ҳолатига кўра Кембриж Университети Буюк Британиянинг энг яхши университети ҳисобланади. Университет бутун дунё университетлари рейтингида иккинчи ўринни эгаллайди. 1858 йилда университетда Имтиҳон Кенгаши (University of Cambridge Local Examinations Syndicate) ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур Имтиҳон Кенгаши Cambridge Assessment машҳур бренди номи билан танилган. Айни пайтда Кенгаш баҳолаш ва тест натижалари бўйича дунёдаги йирик агентлик ҳисобланади. Шунингдек, дунё миқёсида баҳолаш ва тест жараёнларини ривожлантиришда етакчилик қилади.
Имтиҳон Кенгаши (UCLES) Кембриж университетининг нотижорат кафедраси ҳисобланиб, дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатидаги 10 мингта мактабда 8 миллиондан зиёд ўқувчилар билимини баҳолашда кўмак беради. Кембриж Университетида ҳар йили 30 мингдан ортиқ эксперт томонидан баҳолаш жараёни ўтказилади.
Президент мактабларига кириш имтиҳонлари ёзма, оғзаки ҳамда мантиқий фикрлаш натижаларига кўра амалга оширилади.
Изоҳ (0)