Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги Андижон вилояти «Иссиқлик манбаи» акциядорлик жамиятига қарашли иситиш қозонининг портлаши натижасида юз берган фавқулодда ҳолат оқибатида 18 нафар ўқувчи енгил ва ўрта даражада тан жароҳати олган. Журналист Умиджон Мамарасулов жабрланувчи ўқувчиларнинг ҳолати ва воқеа қандай юз берганини ўрганишга ҳаракат қилди.

Фото: Рустам Эшонов

Фото: Рустам Эшонов

«Бўлимимиз марказий поликлиниканинг орқа томонида жойлашган. Кириш фақат бир томонлама. Хонамда ўтирганимда гумбурлаган овоз эшитилди. Ташқарига чиққанимда ойналар синган, тиббий кўрикдан ўтаётган болалар чўчиб кетганини кўрдим. Ҳамкасбларим билан бирга уларга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Жароҳат олганларни, умуман барча беморларни шошилинч тиббий ёрдам машинасида республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалига юбордик», — дейди поликлиника фтизиатрия бўлими мудири Дилшодбек Ҳалилов.

Фото: Рустам Эшонов

Фото: Рустам Эшонов

Ўқувчилардан бири Руқия Абдуҳалимова портлаш кучи уни учириб юборганини айтди.

Фото: Рустам Эшонов

Фото: Рустам Эшонов

«Дугоналарим билан ичкарида навбатда турган эдик. Шифокорлар шовқин қилмаслигимизни илтимос қилишганидан сўнг ташқарига чиқдик. Шунда котёлдан тутун чиқаётгандек бўлди. Эътибор бермадик. Пиллапоядан тушганимиздан 2–3 дақиқа кейин бирданига портлаш юз берди. Бизни учириб юборди, бир-икки жойимиз шилинди. Қўрқиб кетдик. Ҳозир аҳволимиз яхши», — дея воқеани сўзлаб берди Руқия Абдуҳалимова.

«Болалар билан ташқарида гаплашиб тургандик, — дейди Нурилло Абдуманнопов. — Бирдан баланд овоз эшитилиб, ҳаммаёқ тутунга тўлиб кетди. Ерга йиқилдим. Қўрқувдан ичкарига кирмоқчи бўлиб, пиллапоядан чиқишга ҳаракат қилдим. Орқамдан шиша синиқлари ҳам учиб келгандек бўлди. Лекин қўлимдан бошқа ерга шикаст етмади».

Фото: Рустам Эшонов

Фото: Рустам Эшонов

Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳир Зокировнинг маълум қилишича, нафақат ўқувчилар, балки воқеа жойида бўлган шифокорлар ҳам қўрқиб кетган. Поликлиникага ташриф буюрган бир неча кишига психологик ёрдам кўрсатилган.

«Ҳодиса 26 февраль куни соат 10:26 ларда поликлиниканинг фтизиатрия бўлими жойлашган ҳудудда юз берган, — дейди Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳир Зокиров. — Бу ерда белгиланган режа-жадвал асосида шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 4-умумтаълим мактабининг 9-«G» синф ўқувчилари флюография текширувидан ўтаётган бўлган. Бахтсиз ҳодиса туфайли 18 нафар ўқувчи турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Хизмат кўрсатаётган шифокорларнинг икки нафари қўрқиб кетган. Уларнинг ҳолати ҳам яхши. Бундан ташқари поликлиникада бўлган яна 10 нафар қўшимча мурожаат қилганга қабулхонада амбулатор – психологик ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда тегишли ташкилотлар томонидан текширув, суриштирув ишлари давом этмоқда».

Фото: Рустам Эшонов

Фото: Рустам Эшонов

Портлаш оқибатида жароҳат олган икки нафар бемор операция қилинган.

«Бугун соат 11:00 лар чамасида бизнинг марказимизга марказий поликлиникада юз берган ҳодиса натижасида 7 нафар бемор тиббий тез ёрдам машинасида, яна 11 нафари шахсий машиналар орқали олиб келинган. Беморларнинг уч нафари ўрта даражада тан жароҳати олган. Ҳолати текширилиб нейрореанимация бўлимига ётқизилган. Шулардан иккитасида бири оёқ қисмидан, иккинчиси елка қисмидаги жароҳати борлиги учун жарроҳлик амалиёти ўтқазилди. Қолган 14 нафарининг тан жароҳати енгил, аксарият болалар қўрқув натижасида келган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда нейротравматология бўлимига госпитализация қилганмиз. Беморларнинг барчаси шифокорларнинг доимий назоратида, белгиланган тартибда даво муолажалари қилинмоқда», — дейди Республика шошилинчи тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали бош врачи Азизбек Мамадиев.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Дарё» кундалигида 9 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Дунё
Қозоғистон Россияга зирҳли техника жўнатиши ҳақида хабарлар тарқалди (видео)
Маданият
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл янги ҳужжатли фильмда Елизаветта II ни масхаралаб, қироллик оиласи аъзоларини ирқчиликда айблади (видео)