Морфин — жуда ҳам самарадор препарат, лекин у опиоид ва қарамликни чақиради, дозанинг ошириб юборилиши туфайли эса ўлимга сабаб бўлади. Франциялик олимлар унинг муқобил вариантини топди. Бундан ташқари, у морфин ва бошқа синтетик опиоидларга нисбатан камроқ қарамликни чақиради ва, Science Advances журналида эълон қилинган натижаларга кўра, унинг таъсири узоқроқ давом этади.
Дори воситаси самарадорлигининг илмий асоси шундаки, танамиздаги пептидлар, мисол учун, энкефалинлар, опиоид рецепторлар билан боғланади. Назарий жиҳатдан улар морфин сингари наркотикларни суистеъмол қилиш даражасигача олиб бормайди. Чунки улар опиоидлар таъсир қиладиган оғриқнинг мия марказларидаги рецепторларга эмас, балки перифериядаги рецепторларга йўналтирилган. Лекин амалиётдан уларни гематоэнсефалик тўсиқдан ўтказиш муаммо бўлганлиги сабабли қўлланилмас эди.
Бу тўсиқни бартараф этиш учун олимлар лейциненкефалин пептидини табиий сквален деб номланувчи липидга бириктирди. Олинган препарат тўғридан-тўғри оғриқ манбаига инъекция йўли билан киритилиши мумкин. Оғриқсизлантириш эффективлигини аниқлаш учун панжаси яллиғланган сичқонларга оғриқ қолдирувчи препаратларнинг турли хил вариантлари киритилди. Дори моддасидан ташқари, уларнинг танасига оғриқ бор жой тўқималарига бориб тўпланадиган флуоресцент агент киритилди. Дори киритилгандан сўнг 4 соат ичда оғриқ ҳисси камайгани қайд этилди ва янги препаратнинг таъсир давомийлиги морфиндан кўра узоқ давом этган.
Бу кўплаб янгиликларни ваъда қиладиган кашфиёт ҳисобланади. Ҳозирда фақат сичқонларда эффективлигини кўрсатган препаратни беморларга тайинлаш учун у клиник текширувлардан ўтиши зарур. Куни кеча эса олимлар оғриқ даражасини объектив баҳолаб берадиган қон таҳлилини тақдим қилганди.
Изоҳ (0)