Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2018 йил 10 июлга қадар бўлган таҳрири 122-моддасига кўра моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, жиноят сифатида эътироф этилган ва белгиланган жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлган. Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши ҳақида Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон суди судьяси Очилов Улуғбек Сайдирасулович «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаснинг 2018 йил 9 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-459-сон қонунига мувофиқ Жиноят кодексининг ушбу моддасига ўзгартириш киритилиб, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган тақдирда жиноят дея эътироф этилиши белгиланди.
Вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган оҳангаронлик Қаршиев Ботир Сахатали ўғли ва Каримов Эркин Шокировичга нисбатан жиноят ишининг суд тергови айбланувчиларнинг қаерда экани номаълум бўлгани учун вақтинча тўхтатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган эди.
Қонунга киритилган ўзгартириш туфайли Б.Қаршиев ва Э.Каримовлар қилмишининг жиноий хатти-ҳаракат сифатидаги аҳамияти йўқолиб, улар Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон суди судьяси Очилов Улуғбек Сайдирасуловичнинг ажрими билан жавобгарликдан озод этилди.
Изоҳ (0)