Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи фуқаро 1500 доллар эвазига собиқ турмуш ўртоғи ўлимини ташкиллаштирмоқчи бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасига таяниб UzNews хабар бермоқда.
11 февраль куни Тошкент вилояти ИИБга Чирчиқ шаҳрида яшовчи 1970 йилда туғилган Б.Ю. ариза билан мурожаат қилади. У ўз аризасида таниши, Қибрай туманида яшовчи 1981 йилда туғилган Д.А. собиқ турмуш ўртоғи, 1979 йилда туғилган Ш.М.ни ўлдириши учун унга 1500 доллар ваъда қилаётгани хақида маълум қилади.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, 13 февраль куни соат 20:00 да Б.Ю. буюртмачи Д.А. билан учрашиб, унга қотиллик жинояти содир этилганлиги саҳналаштирилган фотосуратлар ҳамда собиқ турмуш ўртоғига тегишли аёллар сумкаси берилганидан сўнг, буюртмачи Д.А. ишни битирганлиги учун Б.Ю.га келишилган пулдан 400 минг сўмини бераётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилоят прокуратураси томонидан фуқаро Д.Ю.га нисбатан Жиноят Кодексининг 25/97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Изоҳ (0)