Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика «Ёшлар туризми агентлиги» ва «Миллий тикланиш» демократик партияси Бўстонлиқ тумани Кенгаши билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида «Биз буюк давлат қурувчиларнинг авлодларимиз» мавзусида конференция ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га тадбир ташкилотчилари хабар берди.
Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган минг нафарга яқин иқтидорли, фаол ёшлар қатнашди.
Конференция давомида йигит-қизлар учун Самарқанд вилояти бўйлаб саёҳат уюштирилди. Шунингдек, эстрада юлдузлари иштирокида концерт дастурлари, бадиий чиқишлар ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой ва очиқ мулоқот тарзида кечган тадбирда ёшлар томонидан берилган савол ҳамда муаммоларга мутасаддилар аниқ жавоблар берди. Анжуман давомида Республика «Ёшлар туризми агентлиги» ва «Миллий тикланиш» демократик партияси ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланди.