Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича Mirzo Ulugbek Innovation Center инновация маркази дирекцияси маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида «Киберхавфсизлик» мавзусида давра суҳбати ташкил этди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур тадбирнинг мақсади рақамли иқтисодиёт электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларида киберхавфсизликни таъминлаш учун ёндашув ва ечимларни аниқлашдан иборат.
Давра суҳбатида Price water house Coopers ва Ernst & Young халқаро компаниялари ҳамда тегишли маҳаллий ташкилотларнинг информацион хавфсизлик соҳаси етакчи экспертлари ва амалиётчилари спикер сифатида иштирок этди.
Хусусан, Ernst & Young (YE) Британия аудитор-консалтинг компанияси вакили Рута Макаревичиуте ўз чиқишида GISS 2018—2019 информацион хавфсизлик соҳасидаги ўз компаниясининг тажрибаси билан ўртоқлашди.
Price water house Coopers халқаро компанияси вакили Отабек Сиддиқовнинг «Киберхавфсизлик — асосий муаммолар» мавзусидаги маърузаси ҳам тадбир иштирокчилари учун қизиқарли бўлди. У киберҳужумлар ташкилотларнинг молиявий даромадларига қандай таъсир этиши ва мамлакат бозори ва иқтисодиётига қандай зиён етказиши борасидаги маълумотларни тақдим этди.
«Техник кўмаклашиш маркази» ДУК мутахассиси Ойбек Бобоқулов «Кибермайдон ва киберҳужумлар. Қарама-қаршиликлар» мавзусидаги маърузасида турли мамлакатлар мисолида киберҳужумлар билан боғлиқ муаммолар ечимлари ҳақида сўзлаб берди.
Бундан ташқари, давра суҳбати давомида транзакциялардаги шубҳали операцияларни аниқлаш билан шуғулланувчи Madetec-Solution компанияси инновацион маркази резиденти BRS (Bank Report System) стартап лойиҳасига RB ASIA инвестицион компанияси бошқарувчи директори Дониёр Исломов эътибор қаратди ва ўзаро ҳамкорликни таклиф қилди.
Тадбир якунида Mirzo Ulugbek Innovation Center инновация маркази ва Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ДУК ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Шунингдек, инвестиция, маблағ жалб қилиш ва бизнесни кенгайтиришга қизиқиш билдирган резидентларга хизмат кўрсатувчи RB ASIA инвестицион-консалтинг компанияси ва Инновация маркази ўртасида меморандум имзоланиши ҳам муҳим воқеа бўлди.
Изоҳ (0)