Истанбулда саккиз қаватли бинонинг қулаб тушиши оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди, 13 киши жароҳатланди. Бу ҳақда шаҳар губернатори Али Ерликайя маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Аввалроқ Картал туманидаги бинонинг қулаши оқибатида уч кишининг ҳалок бўлганлиги маълум бўлган эди. Қутқарувчилар бир суткадан ортиқ вақтдан буён вайроналарни текширмоқда.
«Яна учта жасад вайроналар остидан олиб чиқилган, шу тариқа ҳалок бўлганлар сони олти кишига етди. Яраланганлардан 13 нафари жонлантириш бўлимида», — деди Ерликайя журналистларга.
Қутқарув операциясида турли идораларнинг 500 га яқин ходими иштирок этмоқда. Прокуратура фавқулодда ҳодиса юзасидан суриштирувни бошлаган. Уч қаватнинг ноқонуний қурилиши уйнинг қулаши сабабларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)