Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Telegram’даги саҳифасида сайловчилар билан юзлашиш ва уларнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича Янгийўл шаҳрида амалга оширилган ишлар билан бўлишди.
Ҳафтанинг шанба кунлари сайловчилар билан юзлашиш ва баҳоли қудрат уларнинг муаммоли масалаларини ҳал этишга ёрдам кўрсатиш мақсадида сайлов округининг Янгийўл шаҳрида ташкил этилган депутат қабулхонасида бу сафар бир қатор вазирлик ва идоралардан вакиллар таклиф этган эдим.
Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқлари бошқармаси бошлиғи Авазбек Мадаминов бошчилигидаги вазирлик жамоаси, Қурилиш вазирлиги, «Ўзшаҳарқурилишинвест» ИК, Тошвилбозор уюшмаси масъулларидан иборат меҳмонлар иштирокидаги қабулимиз анча самарали бўлди.
Юзга яқин сайловчилар асосан кўчмас мулкнинг давлат ва жамият эҳтиёжи учун бузилишдаги қонунбузарлик, қурилишга рухсат олишдаги қийинчиликлар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер олиш, мерос иши, ишга жойлашиш, ногиронлик гуруҳини олиш, ноқонуний ишдан бўшатиш, пенсия тайинлаш, алимент ундириш, қонуний уйига киритиб қўйиш, уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятини яхшилаш масалалари бўйича мурожаатлар қилди.
Қурилишга рухсат олиш билан боғлиқ масала шу жойнинг ўзида Қурилиш вазирлиги томонидан назоратга олиниб, қисқа муддатларда ижобий ҳал этиладиган бўлди. 2 нафар фуқаронинг ишга жойлашиши, ноқонуний ишдан бўшатилган бир нафар фуқаронинг масаласи ҳам 2 кун ичида ҳал этилди.
Кўчмас мулкнинг давлат ва жамият эҳтиёжи учун бузилишдаги қонунбузарлик, мерос иши, алимент ундириш, қонуний уйига киритиб қўйиш масалалари Адлия вазирлигининг алоҳида назоратига олинди. Ногиронлик гуруҳини олиш ва пенсия тайинлаш масалалари ўзимда ўрганишда турибди.
Энг муҳими вазирликнинг Инсон ҳуқуқлари бошқармаси фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қийналаётганлар айниқса аёлларга суд процесслари ва давлат органлари билан боғлиқ жараёнлар учун вазирлик мутахассислари ҳамда малакали адвокатларни жалб этиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни ўз бўйнига олди.
Қабулдан сўнг келишилганидек, Янгийўл шаҳрида бунёд этилаётган арзон уй-жойларнинг сифати, иш жараёни, уй эгаларига яратилаётган қулайликлар ва қурувчиларнинг шароити билан яқиндан танишиш мақсадида қурилиш объектида бўлдик.
Объектда уйларнинг асосий қурилиш ишлари якунланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда, ташқи коммуникация тармоғида ҳам ишлар жадал кетмоқда. Ишчиларнинг шароити зарур даражада, уч маҳал иссиқ овқат ва қурилиш учун махсус кийим-бош билан таъминланган, ойлик иш ҳақини олишда муаммолар йўқ экан.
Уйларнинг сифати ҳақида гап кетганда кичик камчиликлар кўзга ташланди. Масалан, ювиниш хонасидаги ванна атрофини ғишт билан қоплаш ёки панжаралар оралиғидаги тўсиқлар радиусини яқинлаштириш каби. Лекин умумий қилинган ишлар орасида бу унчалик кўзга ташланмайди, ҳозирча. Мен билан ҳамроҳлик қилган «Ўзшаҳар қурилиш инвест» масъуллари бу камчиликларни бартараф этишга ваъда берди. Ишондим.
Уйларнинг сифати ҳам анча яхши. Қишлоқ туманларида қурилаётган уйлар каби эмас, ҳар қалай. Лекин бу билан ҳаммаси идеал даражада демоқчи эмасман, нисбатан олганда иш яхши ташкил этилган. Қурувчилар шу йилнинг 21 март санаси «Наврўз» байрамига қадар 7 қаватли уйларни эгаларига топшириш ҳаракатида.
«Қишлоқ қурилиш инвест» ИКдан фарқли равишда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК хонадон эгалари билан уй-жой учун шартнома тузмас экан. Яъни қурилаётган уйни ким олишига аралашмайди: фуқаролар ҳокимликдаги комиссиядан тавсияни олиб тўғри банк билан шартнома тузаверади. Демак, бу жараёнда улар коррупциядан холи.
Бу шахсий кузатувларим асосидаги фикрлар холос: билмадим балки «Қишлоқ қурилиш инвест» ҳам «Ўзшаҳар қурилиш инвест»дан озгина ўрнак олиб, ҳалол ва виждонан ишлашга ҳаракат қилса, одамларнинг бунчалик норозилигига, қарияларимизнинг уларга «инсоф» тилашлари озайишига сабаб бўлармиди.
Изоҳ (0)