Давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади. Бу Президентнинг «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг камида уч юз каррасини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида йигирма каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши мумкин;
тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин;
бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади;
банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулки суд бошқарувчилари томонидан «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.
2019 йил 1 майдан:
а) давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда суд бошқарувчиларини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан тайинлаш амалиёти бекор қилинади;
б) шундай тартиб жорий қилинадики, унга мувофиқ давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда:
тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланади;
қарздор турган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг қарорига асосан, ҳар бир якунланган тугатишга доир иш бўйича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчиларига энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида ҳақ тўланади;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни узишда тўланган қарз суммасининг 5 фоизи миқдорида суд бошқарувчиларига қўшимча ҳақ тўланади;
в) суд бошқарувчиларининг фаолияти «фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш» ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган ва суд бошқарувчиси аттестатини олган адвокатлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.