2019 йилнинг 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Афғонистон бўйича халқаро алоқа гуруҳининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Халқаро алоқалар гуруҳи 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади Афғонистондаги инқирознинг ҳозирги ҳолати ва ҳал этиш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, Афғонистондаги мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришиш ҳисобланади.
Ушбу тадбирда 60 дан зиёд мамлакат, жумладан АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Туркия, МДҲ давлатлари, БМТ, Европа Иттифоқи, НАТО, Осиё тараққиёт банки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг нутқида тинч сиёсий жараёнларга кўмаклашиш, шунингдек қўшни Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклашда амалий ёрдам бериш ва Афғонистон томони билан кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчиларга фақат афғонлар ва Афғонистон халқи раҳбарлигида мамлакатни тинч йўл билан қайта тиклаш жараёнини амалга ошириш кераклиги тўғрисидаги Ўзбекистоннинг қатъий мавқейи маълум қилинди.
Мажлисда иштирок этиш доирасида Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Элис Уэллс, Германия Ҳукуматининг Афғонистон ва Покистон бўйича Maxсус вакили Маркус Потцел, Буюк Британиянинг Афғонистон бўйича Maxсус вакили ўринбосари Лесли Крейг ва Франция ТИВнинг Жанубий Осиё департаменти директори Камиль Пети билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.
Учрашувлар давомида Афғонистондаги вазиятни тезда барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва қўшма ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)