56 ёшлик Дэвид Жонсон Powerball лотереясида 298,3 миллион доллар жекпот ютиб олиб, учинчи Нью-йорклик жекпот ғолибига айланди. Бу ҳақда Forum Daily хабар берди.
Iberia Foods юк машинаси ҳайдовчиси Дэвид 26 декабрь куни бетоб бўлишига қарамай ишга чиққан. Ёқилғи қуйиш шохобчасига кирганда, 5 доллар эвазига лотерея билетини сотиб олган. Ўша куни вазифасини бажаргач, бетоблиги сабаб эртасига ишга чиқмаслиги ҳақида огоҳлантирган ва уйга кетган.
Яна бир юк машина ҳайдайдиган дўсти ҳам ўша ёқилғи шохобчасига кирганда, у ердан билет олган бир одам жекпот ютиб олганини эшитган. Бу ҳақида Дэвидга телефон қилиб айтган. Аммо Дэвид бу ўзи эканини билмаган ва телефонда гаплашиб бўлгач, яна уйқуга кетган.
Ундан кейинги куни ишга чиққач, ёқилғи олиш учун шохобчага кирганида, билетини текшириб кўрган. Ютуқ чиққан билет ўзиники эканини билганида, қувончдан сакрай кетган. Ўша кундан бери қайта ишга чиқмаган.
«Мен юк ва шунга ўхшаш оғир нарсалар кўтаришим керак. Мени нотўғри тушунманглар. Ишимда яхши маош тўлашади. Лекин ишнинг ўзи қийин. Шунинг учун доим бўшашни орзу қилганман. Мана энди бунга имкон туғилди,» — дейди Дэвид.
Барча солиқларни тўлагач, Дэвидда 114 миллион доллар қолган. Ҳозирда у бу капитални бошқариш бўйича адвокат билан ишламоқда.
У бу пулга Бруклиндан оиласи учун янги уй сотиб олмоқчи эканини айтган, аммо бу унинг ягона режаси эмас.
«Мен доим Porsche олишни орзу қилганман. Қизилидан. Чунки кўчада уни ҳайдаб кетаётганимда ҳамма мени кўришини хоҳлайман,» — дейди у.
Изоҳ (0)