Британия Колумбияси универститети ходимларининг хабар беришича, эндиликда диабетик ангиопатияни сунъий қонтомирлар тизими ёрдамида даволаш имкониятиялари кенгаяди.
Хабарингиз бўлса, қандли диабет касаллигида қонтомирларининг базал қавати қалинлашади. Бунинг оқибатида қондан тўқималарга озиқ моддалар ва кислород ўтиши қийинлашади. Натижада некрозлар, буйрак етишмовчилиги, кўрлик, миокард инфаркти ва инсульт келиб чиқиш эҳтимоли бир неча баробар ортади.
Мутахассислар асос ҳужайраларидан қонтомирлар «ясашга» муваффақ бўлди. Бу томирларни қандли диабет билан оғриган бемор организмига ўхшаш муҳитга жойлаштиришди ва сунъий томирларда ҳам диабетиклардаги каби базал қават қалинлашиши рўй берди. Шундан сўнг олимлар бу жараённи тўхтатиши мумкин бўлган моддани излай бошлади. Охир-оқибат бу модда γ-секретаза ферментининг ингибитори бўлиб чиқди.
Экспертлар фикрига кўра, γ-секретаза фаоллигининг тормозланиши қандли диабет билан оғриган беморлар ҳолатини яхшилаши мумкин. Бундан ташқари, эндиликда қандли диабетда қўлланиладиган дори воситаларининг самарадорлигини синаб кўриш учун универсал тест тизимига эга бўлди. Лекин тест тизимининг имкониятлари фақатгина диабет билан чекланиб қолмайди.
Бу усул ёрдамида тадқиқотчилар қон-томир касалликлари, Альцгеймер, яраларнинг битиши билан боғлиқ муаммолар, инсульт ҳақида янада кўпроқ маълумот олиши ва уларнинг келиб чиқишини ўрганиши мумкин.
Изоҳ (0)