Осиё Кубоги—2019 мусобақаси сўнгги тури доирасида 17 январь, пайшанба куни Япония—Ўзбекистон учрашуви бўлиб ўтади. Ўйиндан олдинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида Япония терма жамоаси устози Ҳажиме Мориясу иштирок этди.
«Эртага гуруҳ ғолибини аниқлаб берадиган баҳсда Ўзбекистонга қарши майдонга тушамиз. Асосий мақсадимиз — ғалаба қозониш. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик, кейинги босқичга биринчи ўрин билан чиқишни истаймиз», — дея сўз бошлади мураббий.Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги гуруҳ босқичи сўнгги турида Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ ғолиблиги учун Япония билан кураш олиб боради.— Икки жамоа ҳам кейинги босқичга чиқиб бўлган. Фақат битта савол очиқ турибди: гуруҳда биринчи ўринни ким олади? Бу сизга босим ўтказадими ёки йўқ?
— Осиё Кубогига келишдан олдин биз гуруҳда биринчи ўринни олишни мақсад қилгандик. Эртага футболчиларга босим бўлишини хоҳламайман. Шунчаки ғалаба қозонишларини сўрайман. Биз хотиржаммиз. Мусобақа чемпионлигини қўлга киритишни мақсад қилганмиз.
— Гуруҳ босқичини иккинчи о‘ринда якунлаган жамоа Австралияга қарши майдонга тушади. Бу жамоага қандай баҳо берасиз?
— Австралия билан ўйнаймизми ёки йўқ буни билмайман. Мусобақада барча рақибни мағлубиятга учратишни хоҳлаймиз. Чемпион бўлишни истаймизми, демак, барчани ютиш керак. Плей-оффда кучсиз рақиб қолмайди.
— Осиё Кубогида 3 нафар ўйинчини алмаштириш мумкин. Гуруҳдаги дастлабки иккала ўйинда ҳам сиз ўзгаришлардан тўлиқ фойдаланмадингиз. Бунинг сабаби нимада?
— Бу менинг қарорим. Ўйлайманки, футболчилар бу қароримни ҳурмат қилишади. Асосийси биз иккала учрашувда ҳам ютдик. Майдондаги футболчиларнинг ҳаракатлари мени қониқтиргани учун 3 та ўзгаришни амалга оширмадим.
— Иккита баҳсдан сўнг тажрибали футболчиларга дам берасизми?
— Мен барча ўйинчиларни синаб кўраман. Захирада қолиб кетаётган футболчилар ҳам яхши ҳолатда. Ким учрашувга тайёр бўлса ўша майдонга тушади. Бугун сўнгги кўрсатма берилади.
— Мусобақадан олдин жисмоний ҳолат қандай эди ва ҳозир-чи?
— Япония терма жамоаси футболчиларининг жисмоний ҳолати икки хил эди. Сабаби ярим футболчилар Жей лигада, қолганлар Европада ўйнайди. Бу ерда мавсум икки хил пайтда тугайди. Бирга машғулот ўтказа бошлаганимиздан кейин барчанинг ҳолати тенглашди. Иккита ўйиндан ўзимизга сабоқ олдик. Шундай давом этишни истаймиз.
— Япония доим чемпионлик учун курашади. Бу йўлда сизга асосий рақобатчи жамоалар қайсилар?
— Бизнинг мақсадимиз чемпионликдир. Жамоа ўйинини ривожлантириш керак. Бу мусобақада 7 та ўйин ўтказишни истаймиз. Барча рақибни бирдек кўрамиз, рақиб ажратмаймиз.
— Биринчи турда 2 та гол урган Юя Осако ўзини қандай ҳис қилмоқда?
— У тиббий кўрикдан ўтди. Ҳозир даволанмоқда.
— Япония эртага ютиш учун нима қилади?
— Аввалги икки ўйиндан келиб чиқиб тактика тузамиз. Асосий таркибда баъзи футболчилар алмашади. Шу орқали фақат ғалаба учун ўйнаймиз.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)