«Ўзбекгидроэнерго»нинг давлат улуши «Рақамли ишонч» Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш жамғармасига ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 15 январь кунги қарорида сўз юритилади, деб ёзади «Газета.uz».
Бундан кўзланган мақсад — «Ўзбекгидроэнерго» бошқарув тизимига корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини татбиқ этиш, шунингдек, гидроэнергетикани ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан корхоналар ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш.
Жамғарма компания устав капиталида давлат номидан акциядорга айланади. Бироқ соф даромадни тақсимлаш, компанияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш, акцияларни бўлиш ёки бирлаштириш ва бошқа масалаларда овоз беришни Давлат активларини бошқариш агентлиги билан олдиндан мувофиқлаштириши лозим.
37 та гидроэлектростанцияга эга бўлган «Ўзбекгидроэнерго» мамлакатда 10 фоизга яқин электр энергиясининг ишлаб чиқарилишини таъминлайди.
Изоҳ (0)