Ўзбекистон университетлари жаҳоннинг нуфузли рейтингларида эътироф этилганми? Дунёнинг етакчи QS рейтинг агентлиги, Нидерландиянинг Elsevier компанияси экспертлари фикрича, яқин келажакда бу амалга ошиши мумкин. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида 14 январь куни ўз ишини бошлаган «Университетлар ва халқаро рейтинг: ривожланиш стратегияси» мавзусидаги халқаро конференцияда шу ҳақда маълум қилинди, деб ёзади ЎзА.
Халқаро майдонда жаҳон университетлари рейтингини белгилаб берувчи ташкилотлар фаолият кўрсатади. Улардан бири QS World University Rankings (QS – университетлар халқаро рейтинги) бўлиб, мазкур рейтинг агентлигининг интернетдаги веб-саҳифасига бир йилда ўрта ҳисобда 65 миллиондан зиёд фойдаланувчи киради.
Ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон QS билан фаол ҳамкорликни бошлади. Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистон университетларини халқаро рейтингларда эътироф этишга тайёрлашни кўзда тутади.
Анжуманда QS нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Зоя Зайцева иштирокчиларни халқаро рейтинг талабларини бажариш бўйича керакли маълумотлар билан таништирди.
Халқаро рейтинг талабларини бажаришда қатор омилларга эътибор қаратиш лозим. Буларнинг дастлабки учтаси — халқаро академик ҳамжамият билан ҳамкорликни ривожлантириш, университетларнинг танилиш имкониятини ошириш, иш берувчи билан муносабатларни ривожлантиришни ўз ичига олиб, QS уларга оид натижаларни ҳисобга олиб боради. Яна бир муҳим омил — библиометриядир. Рейтинг агентликлари айни йўналишда кўпроқ Scopus (Scopus — библиографик, рефератлар бўйича маълумотлар базаси ва илмий мақолалардан иқтибослар олинишини кузатиб борувчи виртуал майдон. Техник, тиббий ва гуманитар фанлар бўйича 30 мингга яқин илмий нашрларни индекслаган) билан ишлайди.
Эътиборлиси, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон университетлари мазкур тармоқда ўз профилларини очиб, маълумотлар жойлаб бормоқда. Булар ичида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент давлат техника университети етакчилик қилмоқда.
Маълумотларга кўра, QS мингталик рейтингида Марказий Осиё давлатлари ичидан Қозоғистоннинг 10 та, Қирғизистоннинг 2 та университети жой олган. Хусусан, Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университети 220-ўринда бўлиб, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Сингапур менежмент университети, Инҳа университети каби етакчи олий таълим муассасаларини ортда қолдирган.
Конференцияда Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий университети проректори Муҳамбеткали Буркитбоев халқаро рейтинглар бўйича Қозоғистон эришган тажрибалар билан ўртоқлашди, Марказий Осиё давлатларида фаолият олиб бораётган аксарият олий таълим муассасаларини нега жаҳон танимаслигига ҳам изоҳ берди.
Унинг фикрича, Марказий Осий давлатлари олий таълим соҳасида собиқ иттифоқ давридан қолиб келаётган анъаналардан тўлиқ воз кечолмаяпти. «Мутахассис тайёрланса етарли», деган эски тушунчалар, фан таълимдан ажратиб қўйилгани, халқаро ҳамкорлик борасида фаол ташаббуслар етишмаслиги халқаро рейтинглардан ўрин олишга тўсқинлик қилмоқда.
16 январгача давом этадиган анжуман доирасида халқаро экспертларнинг Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)