Фуқаролик судлари 2018 йилда қарздорлардан 283 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликни ундирди ва 40 мингга яқин оилани ажраштирди. Бу ҳақда Олий суд маълумотларига таяниб, «Podrobno.uz» хабар бермоқда.
«2018 йил давомида фуқаролик судлари томонидан 217 324 та иш кўриб чиқилган, бу 2017 йилгидан 24,2 фоизга камроқдир. Шу давр мобайнида 283 миллиард сўмдан ортиқ мажбурий тўловларни ундириш бўйича 236 030 та суд буйруғи чиқарилган. Мазкур кўрсаткичлар 2017 йил билан таққослаганда 70,7 фоиз ва 39,1 фоизга (тегишли равишда) камайган», — дея таъкидлайди Олий суд расмий вакили Азиз Обидов.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш бўйича 39 402 та қарор, шартномалар билан боғлиқ можаролар бўйича ишлар юзасидан 30 413 та қарор, турар-жойдан чиқариш бўйича 1 709 та қарор, ишга тиклаш бўйича 1 515 та қарор ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги ишлар бўйича 1 208 та қарор чиқарилган.
Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича суд коллегияси томонидан 1 317 та иш назорат тартибида кўриб чиқилган. Қуйи судларнинг 541 та қарори бекор қилинган, 112 та суд қарорига ўзгартириш киритилган.
Изоҳ (0)