Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Қарши шаҳрининг «Ойдин» маҳалласидаги яқинда аҳолига топширилган арзонлаштирилган кўп қаватли уйларнинг «мис»и чиқди. Унда яшовчи аҳолининг айтишича, кўчиб келишганига бир ой бўлган бўлса-да, ҳалигача меъёрдагидек ичимлик суви билан таъминланмаган. Журналист Отабек Қўлдошевнинг «Дарё»га маълум қилишича, уйнинг орқа томонидан оқаётган ичимлик суви эса 3 кундан бери исроф бўлмоқда.

Фото: Отабек Қўлдошев

«Кўчиб келиб жойлашганимизга бир ой бўлган бўлса-да, шу бир ой ичида уч ёки тўрт кун сув беришди, холос. Унда ҳам ўйнатиб, бир ўчириб, бир қўшиб сув беришди, — дейди 5-уйда яшовчи аҳоли вакилларидан бири Феруза Бўронова. – Янги йилни ҳам сувсиз кутиб олдик. Байрам кунида сув беришмагани ёмон бўлди. Энг ёмони мана уч кундирки, «дом»имизнинг пастки томонида қувур ёрилгани сабаб сув оқишдан тўхтамаяпти. Айтишларича, қувур тешилган экан. Янги қувур қандай қилиб тешилиб қолиши мумкин?»

Фото: Отабек Қўлдошев

«Ойдин» маҳалла ҳудудида қурилиб, фойдаланишга топширилган 7 та кўп қаватли уйларнинг қурувчиси «Қурилиш сервис» МЧЖ масъули Ихтиёр Қурбонов мазкур ҳолатдан хабари борлигини айтар экан, бу хусусида мутасаддиларни 3 кун олдин огоҳлантирганлигини билдирди.

Ихтиёр Қурбонов.

Ихтиёр Қурбонов.
Фото: Отабек Қўлдошев

«Сув қувури ўтган 4 январь, жума куни ёрилган эди, — дейди Ихтиёр Қурбонов. – Ўша куниёқ масъулларга билдирдик. Аммо бугун (6 январь, якшанба) учинчи кундирки, келиб тузатишмади. Ичимлик суви эса кўчага оқаяпти. Энг ёмони сув уйнинг пастки қисмига зарар етказиши мумкин. Шу сабабли сувни бошқа томонга оқиздик. Аммо бу вақтинчалик чора. Тезда муаммони ҳал қилмасак бўлмайди».

Фото: Отабек Қўлдошев

Аҳоли вакилларининг сўзига кўра, уч-тўрт кун сув берилган пайтда ҳам сув беш қаватли уйнинг 2-қаватигача чиққан, тепа қаватларга сув чиқмаган.

«Сув келса ҳам фақат 2-қаватгача чиқади, — дейди шу уйнинг 5-қаватида яшовчи Соҳибжамол Аминова. – 3-, 4-, ва 5- қаватда яшовчилар айбдорми ёки? Масъулларнинг айтишича, сувни тепага чиқазиб берувчи моторнинг «мия»си кетган экан».

Фото: Отабек Қўлдошев

«Мия» кетганига бир ой бўлди, — дейди Шаҳноза Халилова. — Бу «мия» деганлари соз бўлганмикин ўзи? Чунки уйни қабул қилганимизга энди бир ой бўлди-ку?»

Ширкат раиси Азиз Халиловнинг маълумот беришича, 5-уйда 45 та хонадон бўлиб, айни кунга қадар кўчиб келган аҳоли ичимлик суви берилмаётганидан ташвишда.

Азиз Халилов (ўртада).

Азиз Халилов (ўртада).
Фото: Отабек Қўлдошев

«Бу муаммо юзасидан ҳатто вилоят ҳокимлигига ҳам хабар бердик, — дейди Азиз Халилов. – Келамиз дейишган. Кутаяпмиз».

Журналист Отабек Қўлдошевнинг маълум қилишича, 6 январь куни тушликдан сўнг масъуллар келиб, дарё бўлиб оқаётган сувни тўхтатган. Сўнгра ёрилган қувурларни тузатишган. Аҳолига сув ҳам узатилган, аммо носоз мотор туфайли сув ҳали ҳам 2-қаватдан юқорига кўтарилмаяпти.

Фото: Отабек Қўлдошев

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Саудиялик тадбиркор Ўзбекистонда автомашина эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга сармоя киритади 
Маҳаллий
1000 доллар ойлик олаётган ўқитувчилар, 1 млн нафардан ошган талабалар, янги қурилган 27 та ТТЖ — олий таълим вазири ўринбосари Комилжон Каримов билан эксклюзив су...
Маҳаллий
Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди