Бухоро вилояти Когон туманидаги «Сиёвуш Комрон Фуд» фермер хўжалигининг интенсив боғи ҳосилга кирди. 43 гектар майдонни эгаллаган боғда олма ва гилос етиштирилади, деб ёзади ЎзА.
Боғни ташкил этишда фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Аҳадовга икки йил аввал Халқаро ривожланиш ассоциациясининг 600 минг евро миқдоридаги кредити қўл келди. Интенсив боғ самарадорлигини ошириш бевосита замонавий технологиялар қўлланишига боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигининг жорий йил фермер хўжалигига ажратган 1 миллион 150 минг доллар миқдоридаги сармояси ва тадбиркорнинг 5 миллиард сўмлик ўз маблағи ана шу мақсадга йўналтирилди.
Халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги иштирокидаги кредит маблағлари ҳисобига Бухоро вилоятида биргина ўтган йилда умумий қиймати 10,3 миллион доллардан зиёд бўлган 18 лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, 19 гектар майдонда замонавий иссиқхона, минг тонна узумни қайта ишлаш қувватига эга корхона, логистика маркази, 1 минг 100 тонна мева-сабзавот сиғдира оладиган 3 та музлатгичли омборхона қурилиб, ишга туширилди.
Жондор туманидаги «Жондор қурилиш сервис» МЧЖ эса хориж бозоридан мустаҳкам ўрин эгаллади. Корхона Агентлик кредит маблағлари ҳисобидан ўтган йил бошида замонавий гидропоника усулидаги 3 гектарлик иссиқхона ташкил этган эди. Бу йил помидор ва бодринг яхши ҳосил берди. 600 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилди.
Бухоро шаҳрининг асосан деҳқончилик қилинадиган «Отбозор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Амина Одилова ўзининг «Жамшид Жавоҳир Агротехсервис» МЧЖ фаолиятини сабзавот етиштириш ҳисобига кенгайтирмоқда. Агентлик томонидан ажратилган 450 минг доллар миқдоридаги 10 йилга мўлжалланган имтиёзли кредит ва корхонанинг 150 минг долларлик сармояси ҳисобидан жорий йил бошида 1 гектар майдонда иссиқхона қурди.
Тадбиркор яна бир гектар майдонга иссиқхона ва мева-сабзавот сақлашга мўлжалланган 680 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона қуриш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юборган.
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги иштирокидаги кредит маблағлари деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларини ривожлантиришда кенг имкониятлар яратмоқда. Мазкур тармоқларга Агентлик иштирокида 45,2 миллион доллар миқдоридаги кредит маблағи ажратилиши самарасида бугунги кунда 109 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларнинг 69 таси мева-сабзавотчилик йўналишига тааллуқли.
Изоҳ (0)