Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг тумандаги «Соҳибкор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги очиқ суд мажлисида Бўка туманида яшайдиган Рустамали Эрматовнинг иши кўриб чиқилди. Қозоғистон Республикасига бориб ишлашни ният қилган фуқаро жиноий қилмиши учун қонун олдида жавоб берди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг раиси Мирали Мирраҳимовга таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни қонуний равишда Қозоғистон Республикаси ҳудудига ўтган Р. Эрматов Чимкентдаги боғда, Ихтиёр исмли йигитнинг қўлида ёлланма ишчи сифатида ишлай бошлайди.
Қисқаси, боғда турли хил юмушларни бажариб юрган Рустамали Ихтиёр билан келишолмай қолади. Шунда Ихтиёрнинг таниши Шавкат унинг фуқаролик паспортини олиб қўяди. Рустамали қўлида фуқаролик паспорти бўлмаса-да, Ўзбекистонга қайтиш ҳаракатига тушади ва 11 сентябрь куни соат 22:30 атрофида «Ғишт кўприк» чегара пости яқинидаги тиканли симлар орасидан ноқонуний равишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтаётганида чегарачилар томонидан қўлга олинади.
Бундай хатти-ҳаракат Рустамали Эрматовга қимматга тушди. У энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари, яъни бир миллион икки юз тўқсон минг сўм жарима тўлайдиган бўлди.
Изоҳ (0)