Италиянинг Turboden S.p.A. компанияси йўлдош нефть газларини утилизация қилишда электр энергияси ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Вазирлар Маҳкамаси шу ҳақдаги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Mitsubishi Heavy Industries гуруҳи таркибига кирувчи Turboden S.p.A. компанияси Ўзбекистон нефть-газ соҳаси ҳамда бошқа асосий саноат соҳаларида фойдали электр энергиясини ишлаб чиқариш учун йўлдош ва машъала газларини утилизация қилишда узоқ муддатли ҳамкорликни кўзда тутувчи мақсадлар тўғрисидаги меморандумни имзолади.
2015 йил апрелида Ўзбекистон БМТ ва Жаҳон банки таклиф қилган йўлдош нефть газларини ёқишга барҳам бериш бўйича глобал ҳамкорлик дастури доирасида 2030 йилгача газларни машъала усулида ёқиш амалиётига барҳам бериш мажбуриятини зиммасига олган эди.
«Ўзбекнефтгаз» компанияси маълумотларига кўра, ҳар йили қазиб олинган 60 миллиард куб метр газ даражасида машъалаларда 1 миллиард куб метрга яқин йўлдош газлар ёқилади. Сўнгги йилларда сиқиш компрес станциялари ва йўлдош нефть газларини йиғиш тизимлари қурилиши ҳисобига ёқилувчи газлар ҳажмини 3,5 миллиард куб метрга қадар қисқартиришга эришилди.
Изоҳ (0)