Туркия Республикасининг Türk Pazarlama Danışmanlık ва Arvena Dış Tic ve Danışmanlık компаниялари вакилларидан иборат делегация Жиззах вилоятида бўлди, деб ёзади ЎзА.
Делегация аъзолари вилоят ҳокими Э. Солиев билан учрашди. Унда Arvena Dış Tic ve Danışmanlık компанияси раҳбари Юнус Иғдир, Türk Pazarlama Danışmanlık компанияси бош менежери Тамер Ўзтурк компаниялари фаолияти ҳақида маълумот берди. Ишбилармонлар жиззахлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ишлаш ниятида эканлигини билдирди.
Вилоят ҳокими меҳмонларни ҳудуднинг инвестицион имкониятлари билан таништирди. Ҳоким эътиборни меҳмонхоналар, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхоналари, мева-сабзавот сақлайдиган катта ҳажмдаги музлатгичлар қуриш, балиқчиликни ривожлантириш истиқболларига қаратди. Вилоятда логистика марказлари ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Учрашув давомида меҳмонларга вилоят иқтисодий имкониятлари ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Делегация аъзоларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Туркиялик ишбилармонлар ташриф давомида «Жиззах текстиль» масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳамда Жиззах шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Изоҳ (0)